Амалдорлар чангалидан сақлаб қолинган ижтимоий обеъктлар

26.10.2023 09:15

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда жамоатчилик фикри шакилланмоқда, натижада мансабдор-у амалдорлар халқ истаги билан ҳисоблашишга мажбур бўлмоқда.

Шу кунгача айнан жамоатчиликнинг норозилиги ва эътирозлари туфайли бир қанча иншоот ва яшил масканлар асраб қолинди. Rost24.uz уларнинг бир қанчасини санаб ўтaди.

Мовий гумбазлар хиёбони

«Мовий гумбазлар» ресторани яқинидаги хиёбонда собиқ ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг жамоатчилик вакиллари билан учрашуви

2021 йил 17 декабрдаги президент қарори билан пойтахтда “Истиқлол” мажмуаси ташкил этилиб, у ерда ёдгорлик композицияси барпо этилиши белгиланган эди. Мажмуани қуриш учун Шароф Рашидов, Ислом Каримов ва Афросиёб кўчалари оралиғида, Марказий универмаг (МУМ) қаршисидаги ҳудуд – “Мовий гумбазлар хиёбони"нинг танлангани жамоатчиликнинг кўплаб норозилигига сабаб бўлди. Ҳатто одамлар махсус платформада петиция учун имзо тўплашни бошлади. Натижада, Тошкент ҳокимлиги ушбу лойиҳа ҳақида қўшимча ҳисобот беришга мажбур бўлди. Орадан бироз вақт ўтиб, “Истиқлол” мажмуаси лойиҳаси Тошкент вилоятининг Қибрай туманига кўчирилди.

Республика Онкология маркази

Олмазор туманидаги Шифокорлар кўчасида Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази

2022 йил охирида Онкология маркази ва унинг икки филиали янги қурилаётган онкология комплексига кўчириб ўтказилиши режалаштирилганди. Марказ биноси ва ям-яшиллиги билан ажралиб турувчи ҳудуди электрон аукционга қўйиб юборилди. Кейин эса “жамоатчиликнинг қарши фикридан келиб чиққан ҳолда, тегишли топшириққа асосан”, онкология маркази ҳамда унинг пойтахт ва Тошкент вилояти филиалларини аукцион орқали сотиш жараёни тўхтатилди ва савдодан олиб ташланди.

Бухоро шаҳар маркази

Бухородаги сайёҳлик маркази лойиҳасининг эҳтимолий чегараси

2023 йил бошида Бухоро шаҳри қоқ марказида туризм маркази ташкил этилиши ва қурилиш доирасида шаҳарнинг Иброҳим Мўминов ва Мустақиллик кўчалари ўқи атрофидаги барча бино ва иншоотлар, жумладан, катта спорт мажмуаси ҳам бузилиши белгиланди. Лойиҳа эълон қилиниши билан бухороликлар марказнинг бу ҳудудда қурилишидан норози бўлиб, президентга мурожаат йўллади. Шундан сўнг Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Ботир Зокиров марказ қурилиши ҳали лойиҳа эканлиги, жамоатчилик муҳокамсига қўйилиши ҳақида маълум қилди. Кейинроқ, марказ учун бошқа ҳудуд танланиши айтилди.

Тошкент Ботаника боғи

Октябрь ойи бошларида Тошкент шаҳридаги Ботаника боғи Фанлар академияси тасарруфидан Тошкент шаҳар ҳокимлигига ўтказилиши ва у ерда аттракционлар қурилиши ҳақида ҳужжат имзоланган эди. Бу лойиҳа кескин қаршиликларга учради: Экопартия вакиллари, журналистлардан тортиб, ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларигача ўз норозилигини очиқча намойиш этди. Кейин эса Тошкент шаҳар ҳокимлиги “ушбу илмий даргоҳнинг аҳамиятини эътироф этишини ва уни истироҳат боғига айлантиришга йўл қўймаслигини” билдирди. Шундай қилиб, бу лойиҳа ҳам бекор бўлди.

“Маданият ва Маърифат” телеканали

Шу йилнинг апрель ойида “Маданият ва Mаърифат” телеканали “Карвон” номи билан қайта ташкил этилиши кутилаётгани маълум бўлганди. Бу ҳақдаги президент қарори лойиҳасида, телеканал Маданият ва туризм вазирлиги тизимига ўтказилиши белгиланган. Бу эса жамоатчилик норозилигига, айниқса, зиёли қатламнинг кескин танқидларига сабаб бўлди. Танқидлардан сўнг маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков “Маданият ва маърифат” телеканали номи “Карвон”га ўзгартирилмаслигини маълум қилди.

“Матбуот уйи”

Тошкент шаҳрининг марказида жойлашган “Матбуот уйи” номи билан машҳур бўлган бинони сотишга амалдорлар кўп марта уриниб кўрган. Давлат активларини бошқариш агентлиги “Матбуот уйи”ни 2018 йилдан буён 3 марта очиқ аукционда сотувга қўйди. Оммавий ахборот воситалари вакилларининг норозиликлари ва зиёлиларнинг танқидларидан сўнг 2021 йилда президент матбуот котиби бино сотилмаслигини маълум қилди ва шу билан масала ёпилди.

“Матбуот уйи”ни сота олмаган Давактив ЎзА ва "Шарқ" нашриёт-матбаа уйи биноларини сентябрь ойида аукционга қўйди. 1979 йилдан буён журналистларга хизмат қилиб келаётган бу бинонинг сотилиши яна тармоқларда муҳокамага сабаб бўлди. Шундан сўнг, Маданий мерос агентлиги Давактивга “Шарқ” нашриёти ва ЎзА бинолари маданий объект сифатида рўйхатга олинганини қайд этиб, уларни аукцион савдоларидан олиб ташлаш юзасидан огоҳлантириш берганди. Аммо, натижа бўлмади, жамоатчилик бу икки бинони амалдорлардан асраб қола олмади.

Шунингдек, аҳолининг қатъий курашлари билан Тошкент шаҳарида кўпқаватли уйлар атрофидаги бир қанча ҳудудлар ҳам ҳокимлар чангалидан асраб қолинган.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
6
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар