Бугун, 13 октябрдан кучга кирган қонун билан Миллий гвардияга ҳам экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича ҳуқуқбузарликларга қарши чоралар кўриш ваколати берилди.
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардия суриштирув ва мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи Улуғбек Зоитов мазкур қонуннинг мазмун-моҳияти бўйича изоҳ берди.
«Бугун, 13 октябрдан экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича ҳуқуқбузарликлар учун Миллий гвардияга маъмурий баённома тўлдириш ва жарима белгилаш ваколати берилди. Маиший чиқиндиларни ва бошқа носоз ҳолатга келган қаттиқ жисимларни белгиланган жойларга ташлашни фарзандларимизга уқтиришимиз керак. Акс ҳолда Миллий гвардия ходимлари ваколатлари доирасида баённома расмийлаштиришади ва қонун доирасида (белгиланган тартибда) жарима қўллайди», — деди Улуғбек Зоитов.
Миллий гвардияга берилаётган ушбу ваколатлар борасида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирининг маслаҳатчиси Расул Кушербаев ҳам ўз фикрини билдирди.
«Фуқароларнинг умумий юриш-туришга оид маданиятини шакиллантиришда, тегишли тартиблар бўлиши керак. Бу ваколатлар олдин Ички ишларда бўлган, энди Миллий гвардияга ҳам берилаётгани айни масалада назоратни кучайтиришга ёрдам беради.
Аслида дуч келган, белгиланмаган жойга тамаки қолдиғини ташлаб кетиш, атрофни ифлослантириш мумкин эмас, лекин бошқа органларда куч имкониятлари чекланганлиги нуқтаи назаридан, ҳамма жойда ҳам буни назорат қилиш имконияти бўлмаган. Бу ваколат Миллий гвардияга ҳам берилгани паралел равишда мавжуд имкониятдан фойдаланишга олиб келади.
Бундан буён айнан ободанлаштиришга доир ҳуқубузарликлар бўлса, Миллий гаврдия ходимлари ҳам маъмурий баённома расмийлаштириб, чора кўриши мумкин. Бу фақатгина атроф муҳитнинг тозалигини таъминлашга ва профилактика ишларига ёрдам беради.
Масалан, белгиланмаган жойда экология ва атроф-муҳитга оид ҳуқуқбузарликларни содир этадиганлар тушуниши керакки, бундан буён назорат яна ҳам кучаяди. Чунки, барибир четдан биров келиб, бизнинг атрофимизни тоза қилиб бермайди. Ўзимизни ўзимиз тарбиялаб, шу йўналишга ўтмасак бўлмайди», — деди Расул Кушербаев.