Бу йилги "Novda edutainment" томонидан Ўзбекистондаги мактаблар учун яратилган дарсликлар ижтимоий тармоқларда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди. Кимдир унинг имловий хатолари ҳақида гапирса, яна бошқаси топшириқларнинг қийинлигини айтади.
Муҳокамалардан сўнг кўплаб саволлар ўртага чиқди: Ушбу дарсликларнинг яратилиши қачон бошланди? Қайси стандартлар асосида тайёрланди? Нега шу пайтгача таълим тизимида амалд абўлган Миллий ўқув дастури асосида яратилган дарсликларни чиқариб, янги дарсликларни киритдик? Нега?
2019 йили АОКА раҳбари Комил Алламжонов (ҳозирда Президент администрацияси Ахборот сиёсати департаментининг раҳбари) ташаббуси билан АОКА қошида “Ўқитувчи” илмий-методик маркази ташкил этилган. Марказнинг вазифаси ўша пайтдаги дарсликларга рақобатчи тарзда замон талабларига жавоб берадиган, инновацион янги авлод дарсликларини ишлаб чиқиш эди. 2020 йилда марказ ёпилди ва тугалланмай қолган дарсликлар Халқ таълими вазирлигига топширилиши керак эди. Аммо топширилмади.
2021 йилда собиқ халқ таълими вазири Шерзод Шерматов биз юқорида айтган дарсликларга умуман боғлиқ бўлмаган дарсликларни президентга тақдим қилди. Бироқ, ушбу тақдимотга кўп бўлмасдан юқорида тайёрланиши бошланган дарсликлар “фин тажрибаси” деб аталган ном билан майдонга кириб келди ва ҳозир амалда фойдаланилмоқда.
Комил Алламжонов ўзининг “Алламжонов айбдор” китобида “1-синфдан 11-синфгача миллий таълим тизими ишлаб чиқиш режам бор. Бунга 5 йил кетади. Худо хоҳласа, 4 йилдан кейин мен Ўзбекистон учун энг зўр таълим тизимини тақдим қиламан”, дея ёзган. Алламжонов китобида келтирган ўша таълим тизимига ҳозирги дарсликлар асос бўлса ажаб эмас. Аммо дарсликлар жуда қисқа муддатда яратилди ва амалдаги китоблар фин тажрибасига эмас, кўпроқ Қозоғистондаги "Аlmatikitap" нашриёти дарсликларининг намуналарига ўхшайди. Дарсликларни 4 қисмга бўлиб тайёрлаш ҳам "Аlmatikitap" нашриётининг ғояси.
Rost24.uz шу мавзуда кўплаб дарсликлар муаллифи, эксперт Комил Жалилов билан суҳбатлашди:
— Комил ака, нормал жамиятларда дарсликлар билан боғлиқ муаммолар юзага чиқса қандай чоралар кўрилади?
Комил Жалилов: «Ҳеч қайси нормал жамиятда таълим бизнесга айланмайди. Бутун бошли таълим тизими хусусий ҳайдовчиларни имтиҳон қиладиган марказга ташлаб қўйилмайди. Дарсликлар ишлаб чиқилган ҳолатда ҳам, нормал жамиятларда парламент ёки жамоатчилик бу ерда манфаатлар тўқнашуви йўқми, деб савол беради. Дарсликлар учун қайси мезонлар асосида, нега айнан бу ташкилот танланди? Умуман нормал жамиятларда жамоатчилик ёки юқоридагилар ҳам бундай саволларни берар эди. Аммо бизда бундай нарса бўлмади».
Экспертнинг сўзларидан қисқача иқтибослар:
— “Novda” томонидан яратилган дарсликларда фин эмас, кўпроқ Россия ва Қозоғистон тажрибаси бор. Финландия дарсликларига нисбатан топшириқлар жуда қийин. Баъзи топшириқларни ҳатто ечими ҳам чиқмайди.
— Таълим ҳар йили янгилик киритиб ўзгартирилаверадиган соҳа эмас. Унинг натижаси бир неча йиллар кутилади. Мақсад танландими, янгилик киритавермай, охиригача бориш керак.
— Янги яратилган дарсликларнинг топшириқлари мактабдаги дарс соатида белгиланган 45 дақиқага мўлжалланмаган, баъзи топшириқларда ўзбек тилида йўқ сўзлар ҳам ишлатилган, мисол учун 1-синф Алифбе китобидаги "innana" сўзини келтириш мумкин.
— Ўзбекистонда умумий ўрта мактаб ва олий таълим етарли даражада тажриба майдонига айлантирилмоқда. Бундай тажрибалар эса кадрлар масаласида ўсишга эмас, қулашга олиб келади.
— Ушбу ҳолатлар ижтимоий тармоқларда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди. Аммо, бу ҳолатга на Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, на янги ташкил этилган Таълимни ривожлантириш маркази, ва на дарсликларни нашр эттирган масъул "Novda Edutainment" муносабат билдиргани йўқ.
Суҳбатни тўлиқ ҳолда юқорида илова қилинган видео орқали томоша қилишингиз мумкин.