Италияда ўтказилган халқаро HIPPO 2023 инглиз тили олимпиадасида Нигора Тўйчибоева ғолиб бўлди.
11 йилдан буён ўтказиладиган HIPPO Халқаро олимпиадасида 60 дан ортиқ давлат вакиллари иштирок этади. 2023 йилда ўтказилган олимпиадада жами 67 та давлатдан 83 295 та ўқувчи иштирок этди, уларнинг 3000 нафарини ўзбекистонлик ёшлар ташкил қилган. Олимпиадада қатнашган 83 295 нафар иштирокчининг энг кўп қисмини Нигора иштирок этган “HIPPO LITTLE” йўналишидагилар ташкил этади. Нигора эса ушбу олимпиадада 100 балдан 100% тўлиқ натижа кўрсатган.
Rost24.uz мухбири Сирдарё вилояти Гулистон шаҳридаги Нигора Тўйчибоева ўқийдиган “Ideal Study” хусусий мактабига борди.
Нигора табиатан камгап, ҳамма нарсага, ҳатто ютуқларига ҳам оддий қарайдиган қиз экан. Аммо ота–онаси ва устозининг қувончи чексиз. Нигоранинг опаси Нилуфар ҳам кўплаб олимпиадаларда қатнашган. Жумладан, HIPPO олимпиадасида ҳам ўзининг ёш даражаси бўйича финалчи ҳисобланади.
Нигора мактабга келганида, унинг инглиз тили даражаси боғча ёшидаги болалар қатори бўлган. Аммо Халқаро IELTS даражадаги 4 та босқични дарслар билан қўшимча тарзда ривожлантириб борган ҳамда 9 ёшигача нафақат HIPPO, балки кўплаб Ўзбекистон ва Халқаро олимпиадаларида ҳам юқори ўринларни эгаллаган. Нигора ҳали халқаро IELTS сертификатини топширмаган, аммо унинг устози Малика Маматованинг айтишича, агар ҳозир Cefr ёки IELTS имтиҳонига топширса бемалол 5,5 ёки 6 даража олиши мумкин экан.
2019 йилги HIPPO халқаро олимпиадасида Ўзбекистондан “Wunderkind Study” мактабининг 5 синф ўқувчиси Рустам Муҳаммаджонов энг юқори балл, 101 кўрсаткич билан биринчи ўринни эгаллаб, Американинг Mizzou Academy мактабида 2 ҳафталик бепул таълим олиш имконияти ва халқаро инглиз тили ташкилотлари - Pearson, IESOL томонидан бир қанча сертификатларга эга бўлган эди. Жорий йилда Ўзбекистоннинг ғолиблик рейтинги яна янгилади.