Бундан 85 йил аввал 4 октябрь санасида Тошкент шаҳрининг Бўзсув канали бўйида Қодирий, Чўлпон, Фитрат ва яна юзлаб зиёлилар қатл этилган.
Ҳозирги Шаҳидлар хотираси майдони — юзлаб жадидчилик намоёндаларини ўлдирилган қатлгоҳ ҳисобланади.
Ушбу мудҳиш санадан бир неча йил ўтиб Юнусобод туманининг Оқил ота қабристони гўркови Аҳмадхон ота қабр насиб этмаган миллат зиёлиларининг мурдаларини ўзи ишлайдиган қабристон ҳудудига олиб келиб кўмган.
«50 йиллардан кейин қатағон қурбонларининг авлодлари томонидан ота-боболарининг қабри қаерда экани ҳақида сўров бошланган. Лекин НКВД ўзининг қилган жиноятларини сир тутиш мақсадида буни яширган. Кейинчалик Алвастикўприк ёнидан тупроқ олиш жараёнида машина чуқурга тушиб кетади ва у ердан сон-саноқсиз суяклар топилади. Бу суякларни маҳаллий гўрковлар, шу жумладан, Аҳмадхон ота олиб кетиб қабристонга кўмади.
Кейинчалик, маълумотлар ва тафсилотлар жамланиб аниқ хулосага келиндики, қатл кўп жойларда бўлган, аммо 1938 йилдаги умумий қатлгоҳ мана шу ер, Шаҳидлар хотираси майдони бўлган.
Бундан ташқари, вилоятларда ҳам қатлгоҳлар бўлган, масалан, Бухоро ва Самарқанд ҳудудида эски қудуқлар қурбонлар суяклари билан тўлиб кетган. Собиқ шўро ҳукумати қатағонга оид маълумотларни халқаро низога айланиб кетмаслиги учун сир тутган. Ўзбекистонда қатағон қурбонлари 100 минг кишини ташкил этади, деган гапни кўп айтишади, бу собиқ шўро ҳукуматининг хулосаси, биз бунга ҳеч бир кўринишда рози бўлмаймиз, сабаби, бир неча туманнинг ўзида топилган мурдалар сони бундан кўп.
Биз бу каби маълумотларни яна қидирамиз ва кучларни бирлаштириш учун қўшни Қозоғистон, Қирғиз республикалари билан илмий-тадқиқот ҳамкорлигини йўлга қўйяпмиз.
Нима учун 4 октябрь санасига алоҳида урғу берамиз? 1929 йилда Ўзбекистонда қатағон бошланган эди. Мунавварқори бошчилигида 84 та йирик зиёлилар йўқ қилинди. Лекин қатағоннинг кульминацияси 1938 йилнинг 4 октябрида бўлди. Шу куни миллат зиёлиларининг Туркистон орзуси тупроққа кўмилди, — деди Шаҳидлар хотираси музейи илмий ходими, жадидшунос олим Баҳром Ирзаев 1938 йиллар қатағони ҳақида гапираркан.
Ўзбекистонда қатағоннинг бу қадар кенг кўламда амалга оширилишига кўпчилик тез-тез эслаб турадиган сотқинлик сабаб бўлганми, деган саволга жадидшунос олим кескин рад жавобини берди.
«Асло бу маънода бирор миллатга нисбатан буларда сотқин кўп, деб бўлмайди. Франсияда ҳам, ҳаттоки халқнинг бирдамлигини эътироф этиладиган Япониянинг бошига ҳам сотқинчилик балоси тушган.
Масалан, Германия зулми остида қолган франсузларнинг деярли ҳаммаси ўз қардоши-ю қўшнилари ҳақида ёзиб берган. Бу бирор миллатга хос хусусият эмас.
Ҳар бир инсонда қўрқув бўлади, бу инсонга хос инстинкт. Агар ўзбекларда қурбонлар кўп бўлса демак мардлар, илмлилар кўп бўлган. Қаерда зиёлилар кўп бўлса мустамлакачилар қаттиқроқ режимда иш кўради. Бизда бор миллатини сотмаслик учун ўлимни “Мен учун байрам”, деб ёзиб қолдирган қодирийлар, бизда бор “Бугун мени ўлдирсанг ўлдирасан, эртага мен яшамайман”, деган Чўлпонлар.
Қатағоннинг оммалашишини ўзбеклар орасида хоинлик кўп бўлгани билан изоҳлаш душманлар томонидан ўйлаб топилган. Мен бу тарифни қаҳрамон боболаримизга қилинган туҳмат, деб қабул қиламан.
Аслида, узоқ йиллар давомида иш режаси шундай тузилган. Манба бераётган хуфялар исми ўрнига зиёлиларнинг қариндошлари исмлари ёзиб қўйилган.
Шўро ҳукумати ўйлаганки: “Эртага бу миллат, албатта, уйғонади ва ўшанда биз шу сўзни айтамиз”. Тоталитар тузум ўзининг кирдикорларини яшириш учун 1950 йиллардан бошлаб Сталин сизни қаердан биларди? қабилида гапира бошлади.
Яна бир томондан, оқ варақларга имзо чектирилган бўлиши мумкин. Кўплар кейинчалик йиғлаб айтиб берган воқеалар бор. Халққа бу каби туҳмат қилиш золимнинг ноғорасига ўйнашдир», — деди жадидшунос олим Баҳром Ирзаев.
Манзилдан тайёрланган ловҳани тўлиқ ҳолда юқорида илова қилинган видео орқали томоша қилишингиз мумкин.