Бахтиёр Раҳмонов ижод оламига кириб келган даврданоқ мухлислар қалбидан жой эгаллаган. Унинг репертуарида ҳеч кимникига ўхшамайдиган қўшиқлар мавжуд.
Rost24.uz Бахтиёр Раҳмонов билан қўшиқларнинг яралиш тарихи ҳақида суҳбатлашди.
— Бахтиёр ака, қўшиқларингизнинг шеърларини ким ёзиб беради?
— Ҳеч ким ёзиб бермайди. Мен шеърий китоблар ўқишни яхши кўраман. Уларни ўқиб ўтирганда менга манзур келган, ичимдаги ҳақиқат билан мутаносиб бўлган сўзларга куй басталаб, қўшиқ яратаман.
Бахтиёр Раҳмоновнинг “Алла” қўшиғида рўмол ва унга қарши сиёсат ҳақида сўз боради.
— Ушбу мавзу ўша даврда актуал бўлгани сабабли бир шоирнинг шеъри манзур келиб, уни куйлаганман. Бу кимгадир қарши чиқиб айтилган қўшиқ эмас, мен ҳам баъзида ҳақиқатни куйлашга қўрқаман.
Бахтиёр Раҳмонов консертларини кичикроқ залларда, жонли ижро билан ўтказади.
— 10-15 минг одам тўпланадиган заллар катта ҳисобланади, лекин ўша томошабинларнинг қанчаси сиз айтмоқчи бўлган қўшиқларни тушунади? Балким 100 та, балким 200 та. Менимча, ана ўшалар ҳақиқий томошабин. Жонли ижро масаласига келсак мен мухлислар олдида фонограммада қўшиқ айтишга уяламан.
Шунингдек, Бахтиёр Раҳмонов ўзи билмаган ҳолда Гулнора Каримованинг шеъридан қўшиқ куйлагани ҳақида гапириб берди.
— “Қуёш порламоқ учун” сўзлари Гулнора Каримова қаламига мансуб. У бу шеърни рус тилида ёзган, кейин “Жаннатмакон” журналистлари уни таржима қилиб, сайтга жойлаган. Менинг бир танишим Шекспирнинг сонатлари ёзилган китоб берди, унда “Қуёш порламоқ учун”нинг 4 қатори ёзиб қўйилган экан. Мен унга куй басталадим. Қўшиқ Гулнора Каримованинг ўзигача етиб борибди, кейин мени тадбирларга чақириш бошланди, одамлар негадир бу қўшиқни жуда ҳам бошқача қабул қилади.
Шунингдек, Бахтиёр Раҳмонов китоб ҳақида ҳам қўшиқ куйлаган.
«Rost24.uz'ни кузатадиган 95 фоиз одамлар китоб ҳақида қўшиқ куйлаганимни билмаслигига аминман», — дейди Бахтиёр Раҳмонов ушбу қўшиқни куйлаб берар экан.
Суҳбатни тўлиқ ҳолда юқорида илова қилинган видео орқали томоша қилишингиз мумкин.