АҚШ, Япония ва Нордик давлатларда 30+ мамлакатда ўзбекистонликлар учун юқори даромадли ишлаш имконияти бўлади

16.01.2026 13:23

Кеча Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Ташқи ишлар вазирлиги ва хориждаги дипломатик ваколатхоналар фаолияти юзасидан видеоселектор йиғилишида бир қатор муҳим масалалар қаторида, фуқароларимизга хорижда юқори даромадли иш ўринларини топиб бериш ҳам навбатдаги устувор вазифа сифатида белгилаб берилди.

Йиғилишда илгари фуқароларимиз асосан 2-3 та давлатга бориб ишлаган бўлса, ҳозир ташкилий миграция асосида 30 дан ортиқ давлатда меҳнат қилаётгани таъкидланди.
Мисол учун, Германия, Япония, Жанубий Корея компаниялари мутахассисларга талабидан келиб чиқиб, Ўзбекистонда ўқув курсларини ташкил этди.


Япония компанияси қурилиш, ҳайдовчилик, меҳмонхона ва ресторан хизмати йўналишларида “10 минг нафар ўзбек мутахассисини жалб қилиш” лойиҳасини бошлади. Буюк Британияга мавсумий ишчиларни юбориш амалиёти йўлга қўйилган.


Лекин қолган мамлакатлардаги элчилар бундай тажрибани бошқа давлатлар билан йўлга қўйиш бўйича ташаббус кўрсатмаяпти.


Хусусан, четдан ишчи кучини фаол жалб этаётган Австрия, Франция, Испания, Италия, Чехия, Саудия Арабистонидаги элчиларнинг мазкур йўналишдаги ишлари қониқарсиз экани кўрсатиб ўтилди.
Ўтган йили АҚШ ҳукумати қишлоқ хўжалиги ишчилари учун махсус виза олишни соддалаштирди. Ушбу мамлакатдаги элчига АҚШдаги мавсумий ишчилар жалб қилинадиган давлатлар рўйхатига Ўзбекистонни киритиш бўйича музокаралар ўтказиш топширилган.

Шунингдек, бундан кейин ҳар бир вилоят ҳокими ишчи кучи қабул қилувчи ривожланган давлатлар ҳудудлари билан тўғридан-тўғри ишлаш амалиётини йўлга қўйиши кераклиги қайд этилди.
Умуман, ҳар бир элчи хорижда юқори даромадли иш ўринларини топиш, аҳолини шунга мос касб ва тилга ўқитишга ҳам масъул бўлиши белгиланди.


Бу борада Япония, Швеция, Норвегия, Болгария, Австрия, Хорватия, Словения, Сербия, Греция ва Ўмон билан миграцияга оид ҳукуматлараро ва идоралараро битимларни имзолаш муҳимлиги таъкидланди.
Таҳлилларга кўра, бугунги кунда Швеция, Дания ва Норвегияда 300 минг ишчиларга эҳтиёж бор. Норвегиялик иш берувчилар бу йилнинг ўзида 3 минг фуқарони ўзлари ўқитиб, уларга Европа стандартлари асосида сертификат беришга тайёрлигини билдиришган. Шунингдек, Швеция грант ажратиб, ижтимоий ходимларни тайёрлаш ва жорий йилнинг ўзида 500 нафарини ишга олиш таклифини берган.
Йиғилишда мутасаддиларга Швеция, Дания ва Норвегия билан келишувга эришиб, фуқароларимизни юқори даромадли иш ўринларига юбориш муҳимлиги таъкидланиб, уларга вазифалар юкланди.
Умуман, Швеция ва Латвиядаги элчилар билан биргаликда Нордик давлатлар билан ташқи меҳнат миграцияси борасида ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш топширилди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар