Россиядан Ўзбекистонга келадиган газ бир ойга кечикиши мумкин

05.10.2023 10:02

Қозоғистон Россия газини Ўзбекистонга транзитини октябрь ойининг охирида бошлайди. Бу ҳақда Қозоғистон энергетика вазири А.Саткалиев маълум қилган.

Аввалроқ Қозоғистон Россиядан Ўзбекистонга газ транзитини 1 октябрдан бошлашни режалаштирганди. Шу билан бирга, яқинда Ўзбекистон томони (Энергетика вазирлиги вакили) ҳам айнан 1 октябрдан бошлаб Россиядан газ олиб кириш учун керакли инфратузилмани тайёрлаганини РИА Новостиʼга маълум қилган эди.

Қозоғистон энергетика вазирининг изоҳлашича, ҳозирда газ қувурида таъмирлаш ишлари давом этмоқда.

«Ҳозирда Қозоғистон ҳудудида қурилиш билан боғлиқ ишлар якунланмоқда, газни ҳисобга киритиш учун алоҳида линия ажратилмоқда. Жадвалга кўра, октябрь ойи охиригача ишлар якунланиши керак», — деган у.

Вазирнинг қўшимча қилишича, транзит қилинадиган газ ҳажми бўйича ҳали якуний келишувга эришилмаган.

Буни Ўзбекистон Энергетика вазирлиги матбуот котиби Ҳасан Тошхўжаев ҳам тасдиқлаган ва бу борада ҳали расмий қарор йўқлигини билдирган.

«Ўзбекистон томони газни бугун юборишса, бугун қабул қилишга тайёр. Аммо бу жиддий масала. Транзит масаласи. Фақат бизгагина боғлиқ бўлмаган ҳолат», — деган у.

Эслатиб ўтамиз, 16 июнь куни Россиянинг “Газпром” компанияси Ўзбекистон ҳукумати билан газ етказиб бериш бўйича шартнома имзолаган эди (Харид ҳажми йилига 2,8 млрд куб метрни ташкил қилади). Бунда келишилган нарх масаласи ошкор қилинмаган. Шу билан бирга, “Газпром” “ҚазақГаз” билан газни Ўзбекистонга ташиш бўйича шартнома шартларини ҳам ошкор қилмаган.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
2
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар