Сергели фожиаси: асосан янги қурилган уйларга шикаст етган

28.09.2023 22:31

28 сентябрь куни тунги соат 02:43 да Тошкент шаҳрининг Сергили туманидаги “Қурувчилар” массивида жойлашган Интер Логистик МЖЧга тегишли бўлган омборхонада ёнғин чиқиб, портлаш содир бўлган.

Rost24.uz мухбири воқеа жойига бориб аҳоли билан суҳбатлашди.

«Кечаси уйғониб кетдим. Ёнғин бўлаётган экан. Болаларимни ҳам уйғотдим, чунки ташқаридан ўт ўчирувчи машиналарнинг сиреналари эшитилаётган эди. Ойнани яхшироқ ёпиб узоқлашган эдим. Бирдан портлаш бўлиб, уйнинг дераза роми мен ётган жойга келиб тушди. Аллоҳ бир сақлади, болаларимни олиб ташқарига чиқиб кетдим», – дейди, портлаш жойга яқин жойда яшовчи Феруза опа.

Ушбу ҳодисадан жабр кўрган аҳоли вакилларидан яна бири ёнғин ҳақида шундай дейди:

«Бизнинг уйимиз сал узоқроқ эди, аммо бизгача сезилди. Уйимизнинг кириш қисми иккига бўлингандек бўлди, ойналар синиб кетди. Уйда невараларим бор эди, улар ҳам қўрқиб кетишди. Ойнадан қарасак, тарелкага ўхшаш нарса кўринди. Биттаси кўп қаватли уйларга қараб, яна бири эса, биз тарафга келди. Бизнинг маҳалладаги 26 та уйнинг ҳаммаси жабр кўрди. Янги қурилган уйларнинг том-шиплари тушиб қолган. Келиним ҳомиладор, тез тиббий ёрдамда ишлайди. Улар кечаси билан шу ерда жабр кўрган фуқароларни Республика тез тиббий ёрдам бирлашмасига олиб боришган. Ўзимни ҳам бироз қон босимим кўтарилди».  

Бошқа жабр кўрган аҳоли вакиллари билан ҳам суҳбатлашишга ҳаракат қилдик, аммо уларнинг кўпчилиги тушкун ҳолатда бўлганлиги учун саволлар билан безовта қилмадик.

Воқеа жойида туман ҳокимлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари иш олиб бормоқда. Сергели туман ҳокими Элбек Шукуров фуқароларга барча шароитлар яратилганини маълум қилди. Ушбу ҳодисадан кейин президент топшириғи билан бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов бошчилигида 16 кишидан иборат ҳукумат комиссияси тузилган.

Портлаш оқибатида жабр кўрган фуқароларга 10 кун ичида ёрдам кўрсатилиб, тураржойлари таъмирлаб берилиши ваъда қилинган.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар