Валюта мамлакат пул бирлиги бўлиб, давлат ва жамият ҳаётида жуда муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистон миллий валютаси - ўзбек сўми 1994 йилда ишлаб чиқарилган. 29 йил ичида сўм шу даражада қадрсизландики, ҳозирги кунга келиб, 12 минг сўм 1 долларга тенг бўлиб қолди.
Rost24.uz сайти ўзбек сўмининг йилдан-йилга тушиб бораётган қиймати ва унинг мамлакат иқтисодиётига таъсири ҳақида иқтисод фанлари доктори, профессор Тўлқин Бобоқулов билан суҳбатлашди.
– Сўм ишлаб чиқарилган йилидан ҳозирги кунга қадар бу даражада қадрсизланиб кетишига нима сабаб бўлди?
– Пул муомаласи йўналиши мутахассиси сифатида миллий валютамизнинг қадрсизланиши сабабларини узоқ йил ўрганганман. Салкам 30 йил давомида нима учун валюта курсини ушлай олмадик?
Биринчидан, биз муомалага ортиқча пул чиқарувчи каналларни ёпа олмадик. Бу каналлардан биринчиси — табиий монополия хизматлари ва маҳсулотлари нархининг ошиши. Газ, электр энергияси, ёқилғи шулар жумласидандир. Уларнинг нархи ошса, бошқа тармоқларда ҳам нархлар кўтарилади. Шу орқали муомалага ортиқча пул чиқади.
Иккинчи канал: узоқ йиллар давомида Марказий банкнинг мустақиллигини таъминлай олмадик. Давлат бюджетига маблағ етмай қолса Марказий банкдан кредит олиб уни ёпдик. Қачонки, давлат Марказий банкдан кредит олиб, давлат бюджети ёпилса, муомалага товарлар билан таъминланмаган пуллар чиқади.
Учинчи канал: жуда катта миқдордаги кредитлар қайтарилмади. Унга сабабчи бўлган айбдорлар эса жазоланмади. Қонунчиликнинг ўзида ҳам бу белгиланмаган эди. 2017 йил 12 сентябрга келибгина, амалга ошмай қолган инвестиция лойиҳалари учун кимлар айбдор бўлиши ва жазо олиши ҳақида қонун қабул қилинди. Ундан аввал эса, олинган миллиардлаб маблағлар ўзини оқламади. Масалан, "Болалар таомлари ҳолдинг"га (Янгийўл) Миллий банк берган кредитдан 1 доллар ҳам тушум бўлмади. Бунга Ангрендаги "Каолин" қўшма корхонаси ва бошқа юзлаб лойиҳаларни мисол қилиб келтириш мумкин.
Бунинг сўмнинг қийматига қандай таъсир қилишини айтадиган бўлсак: кредит худди пул каби тўлов воситасини бажаради. Кредит ҳисобидан иш ҳақи тўланади, хомашё сотиб олинади, бинолар қурилади ва ҳоказо. Қайтарилмаган кредитлар Ўзбекистонда талаб инфляцияси кучайишига олиб келди. Марказий банк эса бунга эътибор бермади.
Тўртинчи канал: нақд пулларнинг банкдан ташқари айланмаси ривожланиб кетди. Марказий банк бунга ҳам чеклов қўёлмади, чунки банкнинг собиқ раҳбари Муллажоновнинг бунга кучи етмасди. Мисол учун: солиқ тўламаслик учун "Зеромакс" 49 нафар ходимига иш ҳақини нақд пулда тўлаган. Буни ҳамма билган, лекин чора кўролмаган, чунки бунинг ортида Гулнора Каримова турган.
Сўмнинг қадрсизланишига биринчи сабаб муомалага ортиқча пул чиқарувчи каналлар бўлса, иккинчи сабаб — экспорт ва импорт, яъни ташқи савдо баланси. Биз уни сунъий равишда бошқаришга уриндик.
Учинчидан, конвертация муаммосига барҳам беролмадик. Тадбиркорлар жорий ҳисоб рақамида пул бўлишига қарамай, биржада доллар сотиб ололмасди. Хориждан инвестиция ҳам, керакли асбоб-ускуна ҳам олиб келолмай қийналди. Бу орқали тадбиркорларни ички бозорни товар билан тўлдириш имкониятидан маҳрум қилдик. Биз конвертацияни ҳал қилмадик, тадбиркорларни "ўлдирдик".
Биринчи президент И.Каримов 2013 йилда Халқаро Валюта Жамғармаси олдида катта мажбурият олган эди, лекин уни бажара олмади. Сабаби, президент олдидаги иқтисодий блок раҳбарлари кекса президентни конвертацияни очсак захира тугайди, деган важлар билан алдади. Конвертация чеклови сўмнинг қадрсизланишига катта таъсир ўтказди.
– Инфляцияга барҳам берилгани билан сўмнинг қийматини тиклаш қийин. Иқтисодчи сифатида қандай чоралар кўришни таклиф қила оласиз?
– Ташқи савдо баланси дефицитини камайтириш керак. Ўтган йили 11 млрд доллар, бу йил 6 ойлик якун бўйича 5 млрд доллар, яъни импорт экспортдан шунча катта. Бу валюта курсига жуда катта босим кўрсатмоқда.
Иккинчидан, давлат бюджети дефицитини ташқи қарз ҳисобидан қоплаяпмиз. Қачонки, давлат бюджети ташқи қарз ҳисобидан қопланса, миллий валютадаги пул кўпайиб кетади, инфляция кучаяди, бунга барҳам бериш керак.
Дунё тажрибасида яна бир йўл бор, Ўзбекистонда ишлаб чиқариш мумкин бўлган товарларни вақтинча импорт қилмай туриш керак. Чунки импорт экспортга қараганда жуда катта. Ҳар қандай давлат шундай қилган, фақат вақтинчалик. Тўғри, бу протеционистик сиёсат, лекин ноиложликдан буни қилиш мумкин.
Ваниҳоят, охирги чора — сўмни алмаштириш. Сўмни алмаштирмасак бўлмайди, чунки бу қадрсиз валюта билан ислоҳот қилиб бўлмайди. Пулни алмаштиргандан сўнг, унинг қадри тушиб кетишига сабаб бўлувчи омилларга чек қўйиш керак. Агар буни қилолмасак алмаштирмаганимиз маъқул, сабаби бу жуда катта харажатни талаб қилади.
1994 йилда валюта алмаштирилганда биринчи савдода курс 7 сўм бўлди, эртасига 12 сўм бўлди, мана пул қандай қадрсизланди. Қарийб 100 фоиз. Бизнинг ўтказган пул ислоҳотимиз ўзини оқламади.
– Европа мамлакатларида умумий валюта — евро бор. BRICS мамлакатлари, ундан ташқари, Аргентина ва Бразилия ҳам қўшма валюта ишлаб чиқариш ниятини билдирди. Марказий Осиё мамлакатлари ҳам умумий валюта ишлаб чиқарса бўладими? Республикаларнинг иқтисодий салоҳияти ёки бошқа жиҳатлари бунга қанчалик қодир?
– Дунёда муваффақиятли жорий қилинган ягона валюта — бу, евро. Аммо уни жорий қилиш учун 30 йил вақт кетди, Европанинг ривожланган мамлакатлари нисбатан ортда кетаётган давлатлар: Испания, Ирландия, Греция ва Португалиянинг интфратузилмасини ривожлантиришда ёрдам бериш учун фонд ташкил қилинди. Европа Иттифоқи ягона валюта жорий қилиш учун 4 босқичдан ўтди. Агар Марказий Осиё республикалари ҳам умумий валюта ташкил қилишни истаса шу 4 босқичнинг ҳар бирини яхшилаб ўрганиб чиқиши зарур. Қолаверса, республикаларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланганлик даражаси бир хилда бўлиши лозим, ҳозир ривожланганлик даражамиз ҳар хил эканини ҳисобга олсак, яқин 20 йил ичида ягона валюта ҳақида ўйлаб кўра олмаймиз.
– Яқинда Марказий банк конвертацияни чеклаш билан боғлиқ қарор чиқариб, эртаси куни уни бекор қилди. Банк раисининг сўзларига кўра, бу ҳаракатдан мақсад банкларнинг санкцияга тушиб қолишининг олдини олиш экан. Бу даъволар қанчалик тўғри?
– Марказий банк раҳбари Нурмуродовнинг сўзларини эшитдим, менимча, Нурмуродовнинг ўзи ҳам айтган гапларига ишонмаса керак. Чунки бу ҳеч қандай санкция билан боғлиқ эмас. Конвертацияга чекловни Халқаро Валюта Фондининг розилигисиз жорий қилолмаймиз, Нурмуродов буни била туриб қилди, у конвертация биржасига сўмда бериладиган буюртмаларни камайтирмоқчи бўлди. Чунки бошқа йўли йўқ-да, курс тушиб кетяпти.
Нурмуродов яхши билса керак, конвертация муаммоси Каримовга қимматга тушган. 2001 йил апрель ойида Халқаро Валюта Фонди Тошкентдаги ваколатхонани ёпиб, Ўзбекистон билан алоқани узди. Энг ёмони, ваколатхона раҳбари Вашингтонга боргач, Ўзбекистонни ерга урадиган "Конвертация учун 14 аргумент" номли мақолани фонд сайтида эълон қилди. Бу шундай ҳурматли ташкилотки, унинг сайтидаги мақолани бутун дунё ишбилармонлар тоифаси ўқийди.
Кейинчалик, президент Каримов фонд билан алоқани тиклашга ҳаракат қилди, фойдаси бўлмади. Орадан вақт ўтиб, 2001 йил 11 сентябрда АҚШда теракт бўлди, бу биз учун имконият бўлди. Толибонга зарба бериш учун АҚШ Афғонистонга яқин ҳудудлардан ҳарбий база қидирди. Қашқадарёдаги Хонобод аеропортидан фойдаланиш учун шартнома тузилди. Шунда И.Каримов АҚШ президенти Бушга Халқаро Валюта Фонди билан алоқани тиклашда ёрдам беришини илтимос қилди. Фонд билан алоқани тиклашнинг ўзи бўлмаган.
– Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов мутахассислиги бўйича иқтисодчи бўлган, аммо мамлакат иқтисодий ҳаётида йўл қўйган хатолари ҳам бор. И.Каримовнинг энг катта хатолари нималар бўлди?
– Каримов иқтисодчи бўлган, лекин улкан хатоларга йўл қўйган. Биринчи хатосини боя айтиб ўтдим: Марказий банк қонунда белгиланган вазифани бажара олмаса-да, Марказий банк раиси Муллажоновни ишдан бўшатмади.
Иккинчи хатоси: Халқаро Валюта Фонди олдида олган мажбуриятларини бажармади, конвертацияни ёпиб қўйди. Ўзи олган мажбуриятни ўзи бажармади.
Учинчи жиддий хатоси: Иқтисод билан боғлиқ муаммоларни айтишнинг иложи бўлмай қолди. Биронта муаммони айтсангиз, ишдан бўшатарди ёки қамарди. Мамлакатда қўрқув муҳити юзага келди. Шунинг учун ҳозирги раҳбарларнинг кўпчилиги жуда қўрқоқ.
– Энди ўзбек сўмининг тақдири нима бўлади? Шу кетишда қиймати тушиб бораверадими?
– Биз энди пулни алмаштиришимиз керак. Валютани алмаштириш учун зарур шароитларни яратиб, албатта, пулни алмаштиришимиз керак. Бу қадрсиз валюта билан буюк ислоҳотлар қилиб бўлмайди.