Навоийшунос, тадқиқотчи олим Акром Маликнинг озодликдан махрум бўлган вақтда ёзган асари ниҳоят чоп этилди.
Акром Маликнинг бу рисоласи Алишер Навоийнинг Хамса достонидаги “Ҳайрат ул-аброр” асари матни, шарҳи, насрий баёни ва луғатини ўзида мужассам қилган биринчи китобдир.
“Навоийни ўзбек халқи севади. Уни оммага яқинлаштиришда ушбу китоб ёрдам беради. Менинг асосий мақсадим ушбу китобни 3 жилдини ҳам чоп эттиришдир”, дейди Акром Малик.
Навоийни ёшларга яқинлаштиришга, содда тилда кенгроқ оммага тарқалишига ёрдам берувчи “Ҳайрат ул-аброр” матни, шарҳи, насрий баёни китоби Ёзувчилар уюшмаси томонидан молиялаштирилмаган. Акром Малик ҳам ўз ўрнида уюшмага ёрдам сўраб боришни истамаган. Ҳозирда муаллиф китоб рекламаси, унинг аудио баёнини кенг ёйишда оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилмоқда. Ёзувчи Навоий тили мураккаб бўлса-да, мазкур шарҳ турли ёш ва билимдаги кенг оммага мослаштирилганини айтмоқда. Унинг сўзларига кўра, китобда биргина “Бисмиллаҳ” сўзининг шарҳига алоҳида боб ажратилган. Шунингдек, китобда Абдураҳмон Жомий, "Кўнгил" учун ҳам боблар ажратилган.
Муаллифнинг айтишича, Навоий асари илк маротаба шундай тушунарли содда насрий баёнда чоп этилмоқда. Китоб муқоваси билан бирга 476 саҳифани ташкил этиб, “Тамаддун” нашриётида 3 минг нусхада чоп этилган. Масъул муҳаррир филология фанлари доктори, профессор, Ўзбек тили ва адабиёти университети ректори, Давлат мукофоти соҳиби Шухрат Сирожиддинов, илмий муҳаррир филология бўйича фалсафа доктори Олимжон Давлатов ҳисобланади.
Китобни хорижда сотиш ҳам режалаштирилган ҳамда турк тилига таржима қилиниши мумкинлиги айтилмоқда.