Москвадаги йиғилишда мамлакат бош вазири Михаил Мишустин Россия Ўзбекистонда Россия дастурлари асосида таълим рус тилида олиб бориладиган бир нечта мактаб қуришга тайёрлигини маълум қилди.
Бунга жавобан Арипов: «Рус тилидаги мактаблар қуриш бўйича таклифларни катта миннатдорчилик билан қабул қиламиз», — деди.
Ушбу розилик ортидан фаоллар Россиянинг Украинага босқинидан кейин Россия ўқув дастурларига босқинни оқловчи мавзулар киритилганидан хавотир билдирган бўлса, Бош вазир матбуот котиби таклиф моҳияти (яна) “нотўғри талқин қилинмоқда”, деб муносабат билдирди.
18 сентябрь куни Москвада Ўзбекистон ва Россия ҳукумат раҳбарлари даражасидаги қўшма комиссия йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда Россия бош вазири Михаил Мишустин Россия ўзбек томони манфаатдор бўлса, Ўзбекистонда Россия дастурлари бўйича рус тилида таълим бериладиган бир нечта мактаблар қуришга тайёрлигини маълум қилган.
«Ўқувчилар шу тарзда рус маданияти ва анъаналари билан яқиндан танишишлари мумкин бўлади», — деди Михаил Мишустин.
Бунга жавобан, Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов: «Рус тилидаги мактаблар қуриш бўйича таклифларни катта миннатдорчилик билан қабул қиламиз», — деган ва Ўзбекистонда жами 10 мингдан ортиқ умумтаълим мактаблари мавжудлигини ва уларнинг 10 фоизи рус тилида таълим беришини алоҳида таъкидлаган.
Ариповнинг рус тилидаги мактаблар қуриш бўйича таклифларни “катта миннатдорчилик билан қабул қиламиз”, деган гапларидан кейин таълим эксперти Комил Жалилов Ўзбекистоннинг “Таълим тўғрисида”ги қонунига кўра, Ўзбекистондаги таълим ташкилотларида Ўзбекистон давлат таълим стандартларини ва (ёки) давлат таълим талабларини бажариш мажбурий эканини қайд этиб, Россия суверен Украина ҳудудига бостириб кирганидан кейин Россия ўқув дастурларига ушбу босқинчилик урушини оқловчи дарслар ва мавзулар киритилгани, умуман, мактаб таълими ҳам пропаганданинг бир қисмига айланганидан хавотир билдирди.
Шундан сўнг Бош вазир матбуот котиби Бекзод Ҳидоятов ушбу хабарларга муносабат билдирди.
«Бугун Москва шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ҳукумат раҳбарлари даражасидаги Қўшма комиссиянинг 4-мажлисида маданий-гуманитар йўналишдаги ҳамкорлик бўйича билдирилган муайян таклиф моҳияти нотўғри талқин қилинмоқда», — деди Ҳидоятов.
Унинг айтишича, давлатлар ўртасидаги ўзаро расмий келишувларга асосан, бир давлат ҳисобидан бошқа давлат ҳудудида мактаб ва шунга ўхшаш ижтимоий объектлар қуриш анъанаси жаҳон тажрибасида мавжуд. Бу ўзаро ижтимоий ёрдам сифатида таснифланади.
«Хорижий мамлакатлар томонидан қуриб бериладиган мактабларнинг таълим дастурлари дастлаб соҳа мутахасиссислари томонидан миллий урф-одат, қадрият ва анъаналаримиз, тарихимиз, амалдаги қонун ҳужжатларимиз, мавжуд таълим стандартларимиз нуқтаи назаридан чуқур ўрганиб чиқилади.
Агар қуриб берилиши таклиф этилаётган мактаб ва унинг дастури юқорида назарда тутилган талабларга мазмунан мос келса, ушбу таълим муассасасининг фаолият юритиши учун ўрнатилган тартибда лицензия берилади», — дейилади расмий муноcабатда.
Аввалроқ ҳам Бош вазир матбуот котиби тармоқларда Бош вазир Абдулла Арипов иштирок этган мажлисда мамлакатда диний радикаллашув кучайиб бораётганидан ташвиш билдирилгани, давлат хизматчилари, ҳукумат аъзолари орасида ҳам хизмат жойларида намоз ўқиш, диний русумдаги анжуманларга бориш тенденцияси кучайгани танқид остига олингани ва Арипов “Амалдорлар ё динни танласин, ёки давлатдаги ишини танласин”, дегани ҳақидаги хабарларга муносабат билдириб, Бош вазир иштирокида ўтказилган мажлис тафсилотлари нотўғри талқин қилинаётганини қайд этган эди.