Ҳар янги ўқув йили бошида талабалар тураржой топиш билан боғлиқ муаммоларга дуч келади. Ётоқхона билан таъминланмаган талабалар ижарада туришга мажбур. Айниқса, пойтахтда ижара уйларига талаб юқори.
Бир неча кундирки, Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида жойлашган уй бозори талабалар билан тўлган. Хўш, талабга яраша таклиф борми? Ижара нархлари қандай?
Rost24.uz талабаларнинг ижарага уй олиш жараёни ва муаммолари билан танишди.
“Уй бозори”да ижарага хонадон излаб юрган талабалардан бири Тошкентдаги квартиралар нархи инсонлар олаётган маошга нисбатан анча қимматлигини айтади.
«Айниқса, вилоятдан келган талабалар учун бу қийинчилик туғдиради. Эрталабдан буён ижарага уй қидириб юрибмиз, лекин ҳали ҳам топа олмадик. Яхши шароитга эга квартиралар 500 - 400 доллар атрофида, ундан камига топа олмайсиз. Уй эгалари квартирада 4-5 киши яшашини талаб қиляпти. Бу дегани 1 нафар одам ойлик ижарага 100 доллар тўлашини билдиради. Қолаверса, воситачилик ҳақи ҳам юқори. Масалан, 400 долларлик уйда ижарага турмоқчи бўлсак, бугуннинг ўзида 600 доллар беришимиз керак», — дейди тураржой излаб юрган талабалардан бири.
Уй нархлари бўйича халқ тилида “маклер” деб айтиладиган воситачиларга мурожаат қилдик. Уларнинг айтишига кўра, квартиралар нархи қимматлигига одамларнинг юқори фоизли ипотека кредити олгани сабаб бўлмоқда экан.
«Квартира нархлари ошишига маклерлар сабабчи эмас, ҳар йили сентябрь ойида ижара хонадонларига талаб юқори бўлади ва шунга қараб нархлар юқорилайди. Бундан ташқари, ҳозирда одамларнинг кўпчилиги ипотека кредитига уй харид қилмоқда. Ипотека фоизлари юқорилиги сабаб квартиралар ижара нархи ҳам қимматлашиб бормоқда», — деди “уй бозори”да фаолият олиб борувчи “маклер”лардан бири.