Янги қарор танқид қилингач, эски қарор рақамларда эсланди

17.08.2023 22:32

Rost24.uz томонидан Вазирлар Маҳкамасининг талабалар тураржойлари бўйича чиқарилган қарори танқид қилингандан сўнг Тошкент шаҳар ҳокимлиги 2 йил олдинги қарорни фақат рақамларда ёдга олди.

Сайтимизда “Масъуллар талабалар учун тураржойлар етишмовчилигини ўзларидан соқит қилмоқда” номли мақола эълон қилинган эди.

Унда Вазирлар Маҳкамасининг талабалар тураржойларига жойлашиш учун ягона интерактив хизматлари орқали электрон тарзда ариза топширилиб навбатга турилиши, бу навбат йил якунигача давом этиши айтилган. Янги билан талабалар учун ётоқхоналарни кўпайтириш эмас, талаба электрон навбат кутиб умр ўтказиши ҳам баён этилган.

Шунингдек, мақолада 2 йил олдин чиқарилган қарор ижросининг натижаси кўринмаётгани ҳам баён этилган эди.

2021 йил 9 сентябрдаги “Республика олий таълим муассасаларида талабаларни тураржой билан қамраб олиш даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги бутун республика учун чиқарилган қарор ижроси юзасидан Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳисобот тарзидаги ўз муносабатини билдирди.

«Қарорга кўра, Тошкент шаҳрида 2022-2025 йилларда жами 45 679 ўринли 81 та талабалар тураржойини барпо этиш белгиланган. Шундан 27 118 та ўринли 47 та талабалар тураржойлари олий таълим муассасалари ҳудудида, 17 561 ўринли 34 та талабалар тураржойлари олий таълим муассасаларига яқин ҳудудларда қурилиши белгиланган. Бугунги кунда ушбу қарор юзасидан 3 743 ўринли 8 та талабалар тураржойлари қуриб, фойдаланишга топширилди», — дейилади Тошкент шаҳар ҳокимлигининг берган маълумотида. Аммо қурилган 8 та талабалар тураржойлари қаерда жойлашгани айтилмаган.

Шунингдек, Тошкент шаҳар ҳокимлиги хабарида, 2023 йилда жами 6000 ўринли 15 та талабалар тураржойлари қуриш белгиланган бўлиб, бугунги кунда 6000 ўринли 10 та ётоқхона қурилмоқда, дейилган. Бироқ, бунинг ҳам манзиллари айтилмаган.

Бундан ташқари, ҳокимлик “ётоқхона билан таъминланмаган талабаларни олий таълим муассасалари раҳбарияти билан биргаликда ижара уйларга жойлаштириш масаласи ҳам ҳал қилинишини” билдирган. Бу муаммога ўтган ўқув йили бошида қанчалик эътибор қаратилганини гувоҳи бўлдик.

Ёшлар ишлари агентлиги томонидан махсус талабаларни ижара уйларига қўйишга рози бўлган ижара берувчилар сайти яратилди. Аммо уйларнинг бири Тошкентнинг бу чеккасида бўлса, бошқаси у чеккасида. Ўшанда арзонлигига учиб ижарага олган талабалар, кейинчалик узоқлиги сабаб ижара уйлардан чиқишга мажбур бўлишгани, бизга маълум.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
1
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар