Ўзбекистон давлат қарзи қолдиғи 2023 йил 1 январь ҳолатига 29,2 млрд АҚШ долларни ташкил этмоқда. Шундан, давлат ташқи қарзи – 25,9 млрд доллар, давлат ички қарзи эса 3,3 млрд доллар экани маълум бўлди. Бу ҳақида Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг 8 ой кечикиб эълон қилинган Ўзбекистон давлат қарзи ҳолати ва динамикаси шарҳига бағишланган ҳисоботида очиқланган.
Ушбу рақамларни 2017 йилдаги ҳолат (11,6 млрд доллар) билан таққосласак, давлат қарзи 17,6 млрд долларга кўпайганини кўриш мумкин. Агар 2021-2022 йиллардаги қарздорлик билан, 2023 йилнинг бошидаги ҳолатни чамаласак, давлат қарзи яна 3 млрд долларга кўпайгани кўринади.
Лекин, давлат қарзи Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотига нисбати 2021 йил бошида 39,0 фоиздан 2022 йил якунига қадар 36,4 фоизгача пасайган.
Эътиборли жиҳати, давлат ички қарзи қолдиғи 2022 йилда 599,4 млн. АҚШ долларга кўпайиб, 2023 йилнинг 1 январь ҳолатига 3,3 млрд. АҚШ долларни ташкил этмоқда. Бу ўз-ўзидан ички қарздорлик 2021 йил якунида 2,7 млрд. АҚШ доллари бўлганини англатади.
Юқорида давлат ташқи қарзи қолдиғи 2022 йилда 2,4 млрд. АҚШ долларига ошиб, 2023 йилнинг 1 январь ҳолатига 25,9 млрд. АҚШ долларини ташкил қилгани айтилди. Энди шундан:
Ўзбекистон Республикаси номидан жалб қилинган ташқи қарз – 19,8 млрд. АҚШ долларни ёки давлат ташқи қарзининг 76,5 фоизини;
Ўзбекистон Республикасининг кафолати остида жалб қилинган ташқи қарз – 6,1 млрд. АҚШ долларини ёки давлат ташқи қарзининг 23,5 фоизини ташкил
этган.
Қуйида давлат ташқи қарзининг кредиторлар кесимида тақсимланиши билан танишинг:
Ўзбекистон Республикасининг халқаро молиявий институтлардан (ХМИ) жалб қилган ташқи қарз портфели ҳажми 13,8 млрд. АҚШ долларини ёки давлат ташқи қарзининг 53,2 фоизини ташкил этиб, мазкур кредитлар узоқ муддатли ҳамда имтиёзли фоиз ставкаларида тақдим этилган. Халқаро молия институтларидан жалб қилинган давлат ташқи қарзи қолдиғининг асосий қисми:
— Осиё тараққиёт банки (6,0 млрд АҚШ доллари),
— Жаҳон банки (5,5 млрд АҚШ доллари),
— Ислом тараққиёт банки (0,9 млрд АҚШ доллари)
— Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки (0,5 млрд АҚШ доллари) ҳиссасига тўғри келади.
Ҳисоботда қайд этилишича, давлат ташқи қарзининг манбалари диверсификацияси таъминланган бўлиб, хорижий ҳукумат молия ташкилотлари (ХҲМТ) ҳиссасига давлат ташқи қарзи қолдиғининг 9,5 млрд. АҚШ доллари ёки 36,8 фоизи тўғри келади. Ўзбекистоннинг асосий кредиторлари Хитой эксимбанки, Хитой давлат тараққиёт банки, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги ва бошқа мамлакатларнинг хорижий ҳукумат молия ташкилотлари ҳиссасига тўғри келиб, асосан турли инвестицион дастурларни давлат кафолатлари остида молиялаштирилиши учун қарз маблағлари жалб қилинган.