Ярим асрлик архивни жамлаган фотографга эътибор зарур

14.08.2023 11:23

Ҳукумат раҳбари алмашинуви билан боғлиқ сиёсий жараён  фақатгина ҳукумат вакилларига таъсир кўрсатибгина қолмай, оддий одамларни ҳам четлаб ўтмаслиги мумкин. Rost24.uz айни шундай сиёсий жараён қурбони бўлган оддий одамлардан бири, фотожурналист Шоназар Иброҳимов билан суҳбат қилди.

Ўзбекистон ССР Коммунистик партияси раҳбари Шароф Рашидовнинг ўлимидан сўнг унга қарши компания Рашидовнинг ёнида юриб, уни суратга туширган фотожурналист Иброҳимовни ҳам четлаб ўтмади. Яъни, унинг 7 мингдан ортиқ суратлари олиб қўйилди. Орадан 40 йил ўтгач, расмларни қўлига олган журналист архивни халққа етказиш истагида...

Ўзбекистоннинг ярим асрлик тарихи, ҳукуматнинг 8 та раҳбарини суратга олган, йигирмадан ортиқ газета ва нашрларда ишлаган фотожурналист Шоназар Иброҳимов илк фаолиятини 1970 йилда бошлаган.

«Фотожурналистика соҳасида 50 йил ишлаганман. Шароф Рашидов, Иномжон Усмонхўжаев, Рафиқ Нишонов, Ислом Каримов, бош вазирлик вақтида Шавкат Мирзиёев, хуллас, Ўзбекистоннинг 5 та раҳбарини уларнинг ёнида юриб суратга туширганман. Ислом Каримов билан фотожурналистлар ўртасида масофа 2 метр бўларди, ҳозир Мирзиёев билан 5-6 метр, Шароф ака билан эса ўртамизда масофа ҳам бўлмасди, дўстдек бўлиб кетганмиз. Фотожурналистикани танлаганимдан афсусланган пайтим бўлганини эслолмайман. Биз ишлаган вақтимизда бу касб қадрланарди», — дейди Шоназар Иброҳимов.

Унинг айтишича, Шароф Рашидовнинг ўлимидан сўнг Рашидов номини тарихдан ўчириш компанияси вакиллари Шоназар Иброҳимов кабинетидаги 7 мингдан ортиқ суратни олиб кетишган.

«Мен бу суратларни олиш учун 40 йил курашдим. 2020 йилда ваниҳоят қўлимга олдим. Бу суратларни халққа кўрсатиш керак, улар тарихимизнинг бир қисми. Расмларни ҳозир бундай қилиб ишлаб бўлмайди, уларга менинг қанчадан-қанча меҳнатим сингган, улар менинг болам, кўзёшим, юрагимдан чиққан меҳр. Нега энди умримнинг охирида 40 йил курашиб қўлимга олган суратларим халққа етказилмай қолиб кетиши керак?» — дейди кекса фотограф.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
2
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар