«Ўқувчиларни биринчи ўринга қўйинг»: ЮНЕСКО мактабларда смартфонларни тақиқлашга чақирмоқда

27.07.2023 15:37

БМТнинг Таълим, фан ва маданият бўйича ташкилоти – ЮНЕСКО ҳисоботида болалар руҳиятини ҳимоя қилиш ва умумий ўқув фаолиятини яхшилаш мақсадида бутун дунё мактабларида телефонлардан фойдаланишни тақиқлашга чақирилади, деб ёзади The Guardian.

Ташкилотга кўра, мобиль телефонлардан кўп фойдаланиш болаларнинг руҳиятига ёмон таъсир қилиб, баҳоларининг тушиб кетишига олиб келар экан.

ЮНЕСКО “ҳамма ўзгаришлар тараққиётни англатмаслигини, бирор нарса қилиш мумкинлиги, уни қилиш керак дегани эмаслигини” эслатган ҳолда, сиёсатчиларни рақамли технологияларни ўйламай қўллашдан огоҳлантирмоқда.

«Рақамли инқилоб катта салоҳиятга эга, аммо жамиятда уни қандай тартибга солиш кераклиги ҳақидаги огоҳлантиришларда айтилганидек, таълимда ҳам ундан фойдаланиш усулларига худди шундай эътибор берилиши керак», — деди ЮНЕСКО бош директори Одри Азуле.

Ҳисоботда айтилишича, талабаларнинг технологиялардан ортиқча ёки ноўрин фойдаланиши уларни чалғитиши, халақит бериши ва ўқишига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. 

Кўпгина мамлакатлар рақамли технологиялар ҳақида гап кетганда, "ўқувчиларни биринчи ўринга қўйиш муҳимлигини англашмоқда". Жумладан, Хитой рақамли қурилмалардан ўқитиш воситаси сифатида фойдаланиш чегараларини белгилаб қўйган ва бу барча ўқитиш вақтининг 30 фоизигача қисмини ташкил қилади.

Ҳисоб-китобларга кўра, пандемия даврида бутун дунё бўйлаб бир миллиарддан ортиқ талаба онлайн таълимга ўтган, аммо интернетга кириш имконига эга бўлмаган миллионлаб камбағал талабалар четда қолган.

Дунё бўйлаб 200 та таълим тизимини таҳлил қилган ҳолда, ЮНЕСКО ҳар тўртта давлатдан бири қонун ёки йўриқнома орқали мактабда смартфонларни тақиқлашини келтириб ўтган. Мисол учун, буни 2018 йилда ўз сиёсатига киритган Франция ва 2024 йилдан бошлаб чекловларни йўлга қўядиган Нидерландия шу қаторда.

Яқинда Нидерландия таълим вазири Роберт Дейкграаф ушбу тақиқни эълон қилиб, шундай деди: 

"Талабалар диққатларини жамлай олишлари ва яхши ўқишлари учун имконият берилиши керак. Илмий тадқиқотлар шуни кўрсатадики, мобиль телефонлар безовталикдир. Биз талабаларни бундан ҳимоя қилишимиз керак», — деди у.

Қайд этилишича, баъзи расмийлар мактаб биноларида мобиль телефонларни бутунлай тақиқлаш баъзи амалий ташвишларни келтириб чиқаришини айтади (Масалан, ота-оналар мактаб ва уй ўртасида фарзандлари билан боғланиши учун). Аммо, бунга қарши равишда смартфонлардан кенг фойдаланиш ижтимоий муаммо бўлиб, бундан келиб чиқадиган муаммолар кўпроқ мактаб дарвозасидан ташқарида содир бўлишини таъкидлашади.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
1
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар