Украина элчихонаси Ўзбекистон фуқароларини урушда иштирок этмасликка чақирди

24.07.2023 12:49

Украинанинг Ўзбекистондаги элчихонаси мурожаат билан чиқиб, фуқароларни урушда иштирок этмасликка чақирди.

«Украинанинг вақтинча босиб олинган ҳудудларида олиб борилган жанговар ҳаракатлар пайтида Россия армияси хорижий фуқароларни урушга жалб этмоқда. Украина Қуролли кучлари Бош штаби маълумотларига кўра, вақтинча ишғол қилинган Донецк вилояти Горловка шаҳрида жойлашган Россия кучларининг бўлинмаларида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари борлиги аниқланган. 

Ушбу шахслар Украина давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиб, Россия Федерацияси томонидан вақтинча босиб олинган Украина ҳудудига қурилиш ишларини олиб бориш учун келган. Мариупол (Украина) шаҳрига етиб келганидан сўнг, уларнинг паспортлари олиб қўйилган ва бу фуқаролар Россия Федерацияси кучлари сафига кўнгилли сифатида сафарбар қилинган», — дейилади Украинанинг Ўзбекистондаги элчихонаси хабарида.

Элчихона Ўзбекистон фуқароларини Россия Федерациясининг Украинага қарши урушида қатнашмасликка ва вақтинча босиб олинган ҳудудларига бормасликка чақирди. Ушбу қоидаларни бузганлар Украина қонунлари ва халқаро ҳуқуқ нормалари асосида жавобгарликка тортилади.

Аваалроқ, Мариуполга қурилишга деб жалб қилинган ўзбекистонликларнинг паспортлари олиб қўйилгани ҳамда мажбурий урушга сафарбар қилингани ҳақида хабар бергандик.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар