Давлат хизматлари маркази ходими 24 млн долларлик жиноий иш устида қўлга тушди.
Тошкент вилояти Зангиота тумани Давлат хизматлари маркази ходими ўзганинг ишончига кириб, юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали унга Тошкент туманида жойлашган ва давлат захирасида бўлган 10 гектар суғориладиган ер майдонини 24 млн АҚШ долларига сотиб олиб беришини айтади. Ер майдонига эгалик ҳуқуқини берувчи қарорни чиқартириб бериш эвазига келишилган суммадан 1,5 млн АҚШ долларини беришини талаб қилади.
Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, у олдиндан 200 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Бошқа ҳолатда эса Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ туманида яшовчи, 1972 йилда туғилган, муқаддам судланган шахс фирибгарлик йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритиш мақсадида, 2021 йилда Бўстонлиқ тумани ҳокимлиги томонидан маҳаллий қурилиш фирмасига инвестиция киритиш дастури асосида кўп қаватли турар-жойлар барпо этиш учун ажратилган 4 гектар ер майдонини мансабдор танишлари орқали харидорга олиб бериш эвазига 2,5 млн АҚШ доллари талаб қилади.
Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлиги ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, у сўралган пул маблағидан 200 минг АҚШ долларини олган вақтида ушланди.
Маълумотларгa кўра ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 168- (фирибгарлик) ва 28,211-моддалари (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.