Гулнора Каримованинг хориждаги мулклари
Гулнора Каримовага оид жиноят иши маълумотларида қайд этилишича, 12 та хорижий мамлакатлар ҳудудида уюшган жиноий гуруҳнинг 1 миллиард 394,1 миллион АҚШ доллари, 63,5 миллион евро, 27,1 миллион фунт ва 18,5 миллион франк миқдордаги легаллаштирилган маблағлари аниқланган.
Г.Каримованинг чет элларидаги мол-мулкларининг жадвали:
Бош прокуратура ва Адлия вазирлиги томонидан Ўзбекистоннинг ваколатли идоралари иштирокида Г.Каримова томонидан жиноий йўл билан орттирилган 1,3 миллиард АҚШ долларидан ортиқ миқдордаги мулкларни Ўзбекистонга қайтариш бўйича Швейцария, Франция, Россия Федерацияси ва бошқа давлатларнинг ваколатли органлари билан ҳамкорликда иш бошланган.
Олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида Франциядан 10 миллион доллар миқдоридаги активлар Ўзбекистонга қайтарилган. Шунингдек, Г.Каримованинг Женева шаҳрида жойлашган вилласида ўтказилган тинтув вақтида аниқланган ва хатланган 70 турдаги санъат ашёларининг миллий бойликка тааллуқлилигини аниқлаш ҳамда уларнинг Ўзбекистонга қайтарилиши бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Аввалроқ, Г.Каримованинг Ўзбекистондаги яшаш манзилларида топилган умумий қиймати 12,7 миллиард сўмдан ортиқ бўлган санъат асарлари (картина, сўзана, миллий тақинчоқлар, сопол, ёғочдан ишланган миллий ҳунармандчилик асарлари ва ҳоказолар) давлат тасарруфига ўтказилиб, Ўзбекистондаги қатор санъат ва тарих музейларига топширилган эди.
“Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармасининг ташкилотчиси, 1,5 мингдан ортиқ лойиҳалар, хусусан теле ва радиоканаллар, журналлар асосчиси, қатор мобил алоқа компанияларида ҳам ўз улушига эга бўлган Гулнора Каримова ва унинг жиноий гуруҳи вакиллари номида Ўзбекистон ва дунёнинг 12 та давлатида кўчмас мулклар борлиги аниқланган.
Хўш, Ўзбекистоннинг биринчи президенти, марҳум Ислом Каримовнинг тўнғич қизи – Гулнора Каримованинг Ўзбекистондаги “мулклари” – ижодий лойиҳалари, кўчмас мулклари “тақдири” нима бўлди?
Гулнора Каримованинг Ўзбекистондаги мулклари “тақдири”
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Давлат солиқ қўмитаси ҳамкорлигида ўтказилган текширувлардан сўнг 2013 йилнинг октябрь ойида Гулнора Каримовага тегишли деб кўрилган "TV Markaz", "Forum TV", "NTT", "SoftS" телеканаллардаги намойишлар, "Zamin FM", "A’lo FM" va "Terra FM" радиоканаллари эфирлари узилган. Ноябрь ойида эса 10 йиллик фаолиятга эга бўлган “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми" жамғармаси тугатилган. Ислом Каримов шоҳ кўчасида “Tashkent City” халқаро бизнес маркази қурилиши муносабати билан шаҳарнинг бошқа бинолари қатори ташкилот биноси ҳам бузилиб кетган.
Тергов-суриштирув жараёнларида Тошкентдаги йирик тадбиркорлик субъектларидан "Rubicon Wireless Communication" МЧЖ (“Perfectum”) уяли алоқа компанияси Гулнора Каримова томонидан ташкил этилган жиноий уюшма аъзоларидан бири Рустам Мадумаровга тегишли эканлиги аниқланган. Ҳозирда ушбу ташкилот очиқ аукцион савдосига қўйилган.
Давлат мулк қўмитаси маълумотида қайд этилишича, Гулнора Каримованинг хос ёрдамчиси Гаянэ Авакянга расмийлаштирилган “Solid-Investment”, “Fast-Development”, “Panally LTD.”, “Aval-Invest” каби ширкатларига қарашли бўлган “Дом Стиля”, “Basha”, “Fashion Bar”, “La Shakar”, “Premier Hall Cinema” каби кўнгилочар объектлар бинолари давлат фойдасига мусодара қилинган. "Levi's", "Mango", "United Colors of Benetton" брендлари ҳам давлатга ўтказилган.
Гулнора Каримовага тегишли деб топилган Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги “Сижжак” дам олиш зонаси 2019 йилда Триатлон федерациясига ўтказилганди. Ҳозирда объект очиқ аукцион савдосига қўйилган.
2013 йилнинг иккинчи ярмида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан Гулнора Каримова ва у томонидан ташкил этилган жиноий уюшма аъзоларининг фаолиятига нисбатан тергов-суриштирув ишлари бошланди. 2014 йил бошларида Гулнора Каримова Тошкентда уй қамоғига олинди.
2019 йилда халқаро тузилмалар ва фуқаролардан Г.Каримовага нисбатан олдин олиб борилган тергов ҳаракатларида қамраб олинмаган жиноятлар ҳақида хабарлар келиб тушди. Бу ҳолатлар эса янги жиноят иши очилишига асос бўлди.
Адлия вазирлиги баёнотида қайд этилишича, Г.Каримова ўзига яқин шахслардан иборат бир нечта уюшган жиноий гуруҳ тузиб, фуқаролар ва турли компаниялар эгаларига босим ўтказиш ва қўрқитиш йўли билан мулкларини ўзига қарашли компаниялар номига расмийлаштириб беришга, даромадларидан “улуш” ажратишга мажбурлаган.
Бундан ташқари, хорижий давлатларда олиб борилаётган тергов манбаларида келтирилишича, Г.Каримова ва унга алоқадор шахслар томонидан Латвия, Швейцария, Франция, Швеция, Нидерландия ва бошқа давлатларда жиноий йўл билан орттирилган маблағларни ювиш бўйича ноқонуний коррупцион схемалар амалга оширилган.
Г.Каримова ва унинг жиноий гуруҳи томонидан содир этилган жиноий иш доирасида Ўзбекистонга етказилган зарар миқдори 3,8 триллион сўм ва 165 миллион АҚШ долларини ташкил этган.
2020 йил 18 март куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида Г.Каримова ва у томонидан ташкил этилган жиноий уюшма аъзоларига нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди.
Суд жиноят иши материалларини ҳар томонлама ва тўлиқ ўрганиб, Г.Каримовани жиноий уюшма ташкил этиш, товламачилик, ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва бошқа жиноятларни содир этганликда айбли деб топди.
Суд ҳукми билан Г.Каримовага 13 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жиноят қонунчилиги нормаларига мувофиқ ҳамда бир неча жиноят ва ҳукмлар мажмуи бўйича жазо тайинланганлигини инобатга олган ҳолда жазо муддатини 2015 йил 21 августдан бошлаб ҳисоблаш белгиланди.
Хусусан, суд ҳукмига кўра, жиноий гуруҳ аъзолари – Н.Содиковга 20 йил, А.Эргашевга 18 йил 1 ой, О.Свиридовга 17 йил 3 ой, Ш.Сабировга 17 йил 1 ой, Р.Мадумаровга 10 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси, Г.Авакьянга 3 йил синов муддати билан 5 йил 3 ой 21 кун шартли равишда озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Сўнгги маълумотларга кўра, ҳозирда Гулнора Каримова Тошкент вилояти Зангиота туманидаги жазони ўташ колониясида сақланмоқда. У колонияга 2019 йилнинг 14 март куни олиб келинган.
З.МИРЗАБОЕВА тайёрлади.