Қўшни Қирғизистон президенти имзолаган қонун билан барча давлат хизматчиларига қирғиз тилини билиш мажбурий этиб белгиланди. Иш жараёнида ҳам қирғиз тилидан фойдаланиш мажбурияти юкланмоқда.
17 июль куни Жапаров имзолаган “Давлат тили тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳририга кўра, давлат идоралари фаолияти, ҳужжат айланиши, суд ишларини юритиш, халқаро шартномалар, географик номлар, шунингдек, таълим, фан, маданият ва оммавий ахборот воситалари каби 11 та йўналиш ва соҳаларда қирғиз тилидан фойдаланиш ҳам мажбурий бўлади. Хусусан, телерадиоэшиттиришлар ҳажми камида 60 фоизни ташкил этиши лозим.
Шу билан бирага, қирғиз тили компьютер дастурлари интерфейслари, оммавий тадбирлар, реклама, транспорт ва мижозларга хизмат кўрсатишда мажбурий бўлади.
Депутатлар, Миллий банк ходимлари, ички ишлар органлари ходимлари, судьялар, прокурорлар, адвокатлар, нотариуслар, ўқитувчилар ва тиббиёт ходимлари ўз хизмат вазифаларини бажаришда қирғиз тилини билишлари шарт.
Қонунда келтирилишича, Қирғизистон “ўз ҳудудида яшовчи барча этник гуруҳлар вакилларининг тилларидан эркин фойдаланиш тамойилига амал қилади ва бу тилларнинг ривожланиши учун шарт-шароит яратилишини кафолатлайди”.
Бундан ташқари, мазкур қонун мамлакатда рус тилининг расмий мақомида қолаётганини белгилайди.