Бир асрлик орзунинг амалга ошиши
Бухорода жадид, маърифатпарвар Усмон Хўжа ўғлининг жадидчилик уй музейи, кутубхонаси ва тадқиқот маркази ташкил этилди.
Аввалроқ сайтимизда меҳмонхона сифатида фаолият юритаётган мазкур тарихий уй тўғрисида қатор танқидий-таҳлилий материаллар чоп этилганди.
Ушбу мақолалар кенг жамоатчилик муҳокамаларига сабаб бўлгач, тегишли давлат ташкилотлари масалага эътибор қаратди.
Маълумот учун, ўз даврида жадид мактаби бўлган мазкур ҳовли кейинчалик Бухоро вилояти ҳокимлиги томонидан тадбиркорга сотиб юборилган эди.
Ўз даврида Усмон Хўжа биринчилардан бўлиб Туркияда таълим олиб қайтгач, бу уйда Бухоронинг янги усулдаги мактабини очган ва стол, стул, глобус, хариталар каби ўқув қуроллари билан мактабни безаб, илм толибларини ўқитган. Мактабда бепул таълим берилган. Гавкушон гузарининг бугунги Хўжа Гулрез кўчасида жойлашган 13-рақамли бу ҳовли давлат ихтиёрига олингач, унда турли ташкилотлар фаолият олиб борган.
Ҳовли узоқ йиллар Бухоро вилоят прокуратураси, вилоят судининг идораси бўлган. Шунингдек, яна бошқа қатор ташкилотлар ҳам фаолият кўрсатган. Унинг ертўла (подвал) ларида судланувчи ва жиноятчилар сақланган. Кейинчалик ҳовли шаҳар коммунал хўжалиги ихтиёрига ўтказилиб, бир неча қисмга бўлиб сотиб юборилади.
Орадан 150 йилдан ошиқ вақт ўтган бўлса-да, ҳовли бугун асл ҳолатини йўқотгани йўқ. Ўша даврдаги дарвоза, айвон, нақшинкор хоналарни кўриб, аждодлар меҳнати, бунёдкорлигига қойил қоласиз.
Бухоронинг марказида жойлашган ва тарихий аҳамиятини йўқотмаган ҳовли, табиийки, ишбилармонлар эътиборидан четда қолмади. Самарқандлик тадбиркор томонидан давлатдан сотиб олинган ҳовли айни кунгача қимматбаҳо меҳмонхона вазифасини бажариб келаётганди.
Аммо яқинда Ўзбекистон маданий мерос агентлиги ташаббуси ва уйнинг ҳозирги эгаси ўртасида музокаралар олиб борилди. Ниҳоят, шартнома тузилиб, бинони миллийлаштиришга эришилди.
Энди бу жой Усмон Хўжа ўғлининг жадидчилик уй музейи, кутубхонаси ва тадқиқот маркази сифатида ташкил этилмоқда.
«Бу орзунинг, бу соғинчнинг амалга ошишида, айниқса, Президент Шавкат Мирзиёевга, Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасига, ўз номини тилга олишни истамаган икки тадбиркорга, шахсий мулкини давлатга қайта сотишга рози бўлган самарқандлик тадбиркорга, бу масалани тилга олган ўзбекистонлик зиёлилар ва журналистларга алоҳида миннатдорлик билдираман, бир асрлик орзу амалга ошди», – дейди таниқли туркшунос олим, Усмон Хўжа Пўлатхўжаевнинг ўғли Темур Хўжа.
Мафтуна КАРИМОВА, журналист.