"Айиқ қафасидан омон чиққан қиз онасининг қўлида омон олмади"

10.09.2025 19:40

Бундан 3 йил олдин ёввойи ҳайвон раҳм қилиб, ташланмаган қизалоққа бугун онаси раҳм қилмади. Эсингизда бўлса, бир қизалоқ 2022 йил январида Тошкент ҳайвонот боғида она томонидан айиқлар қафасига ташлаб юборилган эди. Орадан уч йил ўтиб қиз яна ўз онасининг қўлида ҳалок бўлди.

Жорий йил август ойида руҳий касалликлар шифохонасидан чиққан она бу сафар қизини пичоқлаб ўлдиргани хабар қилинди. Ҳолат жамоатчиликнинг  кескин муҳокамаларига сабаб бўлди. Улар масъуллардан нега аёл оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинмагани, потенциал қотил бўлган руҳий ҳаста шахс нима учун мажбурий даволанишдан чиқариб юборилганини тушунтириб беришни сўрамоқда.

Нега аёл оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинмади?

Блогер Рассом Туз нега фарзандини айиқ қафасига ташлаган аёл оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинмаганини танқид қилди.

Савол: Нега давлат бу жинни хотинни оналикдан маҳрум қилиб, боласини тортиб олмади? У ахир боласини айиқ олдига ташлагандику? (Германияда боласининг тишини даволатмаган онанинг ҳам боласини давлат тортиб олади. Швецияда ўнлаб жоҳил ўзбекларнинг боласи тортиб олиниб, ота оналик хуқуқидан махрум қилинган.)

Нега докторлар “мен болангни ўлдир деган товушларни эшитяпман” деган гапига бефарқ қараб шунчаки аспирин дори ëзиб бериб қўяқолишган. Нега докторлар бунчалик саводсиз?

Нега ўзбек рухий шифохоналари одамни даволаш ўрнига жазо психатрияси тизимига айланган. Жиннихона главарачи катта пул эвазига қотил ва апрсларни жинни деб ëзиб бериб жазодан қутқариш жинояти билан тизимли шуғулланади. Нега шундай?

Охирги саволим Болалар омбудсманига. Нега айиқ олдига ташланган қизалоқ ҳолидан хабар олмадингиз?

Нега потенциал қотил бўлган руҳий ҳаста шахс мажбурий даволанишдан чиқариб юборилди?

Юрист ва блогер Баҳодир Аҳмедов эса масаланинг ҳуқуқий жиҳати ҳақида 

ёзди

:

“Агар бу рост бўлса, биздаги васийлик ва ҳомийлик тизимининг компетентлигини сўроқ остига қўяди. Нега руҳий ҳаста аёлдан бола олиб қўйилмади? Нега потенциал қотил бўлган руҳий ҳаста шахс мажбурий даволанишдан чиқариб юборилди?

Ҳолатни Болалар омбудсмани ўрганиши лозим”.

Қотилликда бизнинг ҳам айбимиз бор

Журналист ва блогер Эркин Ҳасан эса аёлнинг кўргазмаси қилиб берилганини 

ёдга олди

:

Ҳа бу ўша жамоатчилик бу ишни руҳан қийналганидан амалга оширгандир деб оқлаб берган аёл. Ҳа бу ўша биз яхши она дея таъриф бериб, унга ишонч билдириб, расмлар кўргазмаси ташкил қилиб берган аёл. Афсуски биз унинг жамиятга, ўз фарзандига етказиши мумкин бўлган хавфни тўғри баҳолай олмадик.

Маълум маънода қотилликда бизнинг ҳам айбимиз бор. Фарзандини айиққа ташлаб юборишдек ижтимоий хавфли хатти-ҳаракатини ақли норасо ҳолатда содир этган деб хулоса берган ва уни жиноий жавобгарликка тортилмаслигига сабабчи бўлганларнинг ҳам айби бор.

Шунча муддат давомида руҳий касалликлар шифохонасида унга тўғри ташхис қўйиб даволай олмаганлар, 2 августдан шифохонадан жавоб беришга руҳсат берганлар, ўша она боласи билан яшаши мумкин деб уни уйда у билан ёлғиз қолдирган барча ўзини айбдор ҳис қилиши керак.
Энди аёл жазоланиши аниқ. Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Аммо бизда, жамиятимизда, масъулларда шу қизни сақлаб қолиш имкони бор эди. Афсус биз бу имкониятни ва қизалоқни бой бердик.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар