Президент “Ўзбекистон Давлат байроғи тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонунни имзолади.
Қонунга кўра, давлат байроғидан фойдаланилиши мумкин бўлган ҳолатлар кенгайтирилган:
— байроқ ва унинг тасвири туширилган белгилардан жамоат жойларида, биноларда, яшаш ёки иш жойларида, транспорт салонида;
— байроқдан спорт мусобақалари, оммавий, тантанали ва маданий тадбирларда, оилавий байрамларда, хотира саналарни нишонлашда, жамият ва давлат арбоблари, ҳарбий хизматчилар дафн маросимларида;
— халқаро спорт мусобақалари ҳамда Ўзбекистон чемпионатлари учун спорт кийимларини тайёрлаш учун байроқнинг тасвири туширилган белгилардан фойдаланиш мумкин.
Шунингдек, қонун билан байроққа нисбатан ҳурматсизлик қилиш ҳолатлари аниқ белгиланди, хусусан:
— байроқдан ва унинг тасвири туширилган белгилардан йиртилган, ифлосланган, тешилган, ранги оқарган ҳолда ва бошқа номақбул тарзда фойдаланиш;
— бирор-бир нарса учун устки ёпинғич сифатида фойдаланиш;
— столларга, ўриндиқларга, стулларга тўшаш ёки тасвирлаш, ундан қоплама сифатида фойдаланиш, ўтириладиган бошқа жойларга ёки оёқ остига тўшаш ёки тасвирлаш;
— кийим-кечак, дастрўмол ёки кўрпа-тўшак сифатида, буюмларни сақлаш ва ташиш учун фойдаланиш;
— байроқ тасвири туширилган белгиларни пойабзал, дастрўмол, кўрпа-тўшак, ички кийим-кечакга, сочиқларга, қутиларга (ўровларга), бир марта фойдаланиш ва ташлаб юбориш учун мўлжалланган буюмларга босиб чиқариш ёки унинг тасвирини бошқача тарзда тушириш;
— байроқ ва унинг тасвири туширилган белгилардан одоб-аҳлоқ қоидалари ва жамиятда юриш-туриш қоидаларига зид равишда фойдаланиш мумкин эмас.