Россиядан Ўзбекистонга келаётганлар қочқинларми ёки сайёҳлар?

01.07.2023 10:53

•Россия-Украина уруши бошланган йили 39 мингга яқин россиялик Ўзбекистонга кўчиб ўтган.

•2023 йилнинг ўтган (январ-май) 5 ойида Россиядан 279,8 минг нафар фуқаро туристик мақсадларда Ўзбекистонга келган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврида – 132,1 минг нафарни ташкил қилган, яъни бу йил россиялик туристлар сони 147,7 мингтага кўпайган.

•Фаоллар Россиялик туристлар кўпайишини Украина-Россия уруши билан боғлаб, “ёшлар нотинч мамлакатдан чиқиб кетиб, шу баҳона Ўзбекистонни айланиб юрибди”, деган тахминни билдиришмоқда.

***

Ўтган йили февралда Россиянинг Украинага бостириб кириши дунё сиёсий мувозанатига сезиларли таъсир кўрсатди. “Махсус ҳарбий операция”, “нацизмга қарши кураш” каби шиорлар вақт ўтиб тинч аҳолини қириш-ўлдириш билан давом этди. Бу албатта, жанг майдонлари ортида яшаётган тинч аҳолини уруш ҳудудидан узоқлашишга ёки мамлакатни (вақтинча) тарк этишга ундайди. Россия Президентининг урушга сафарбарлик эълон қилиши бу жараённи янада тезлаштирди.

Ўзбекистонда россиялик сайёҳлар ҳам анча кўпайиб қолгани сезилди. 

«Бунинг сабаби ўша Украина-Россия урушидир: ёшлар нотинч мамлакатдан чиқиб кетиб, шу баҳона Ўзбекистонни айланиб юрибди», — дея сабабларини ҳам изоҳлаб ёзади блогер Элдар Асанов.

Россия фуқароларининг Ўзбекистонга келиши кескин ортганини аниқ рақамлар мисолидан таққослаймиз:

2023 йилнинг ўтган (январ-май) 5 ойида 2,6 млн. нафар чет эл фуқаролари туристик мақсадларда Ўзбекистонга келган. Улардан энг кўпи қўшни давлатлар — Тожикистон (797,8 минг), Қозоғистон (656,5 минг) ва Қирғизистон (649,5 минг) фуқаролари ҳиссасига тўғри келади. Булардан кейин эса 279,8 минг нафар фуқароси билан Россия тўртинчи ўринда турибди. Сўнг эса Туркия (39,5 минг нафар).

Агар бу рақамларни Россия мисолида бир йил олдинги (январ-май) 5 ойлик кўрсаткич билан солиштирадиган бўлсак, 2022 йили — 132,1 минг нафарни ташкил қилган яъни ўтган йилга нисбатан жорий йил 147,7 минг нафарга кўпроқ бўлган. Умумий ҳисобда эса 2022 йилнинг 9 ойида Россиядан 395,1 минг нафар фуқаро туристик мақсадда Ўзбекистонга келган (ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси маълумотида эса жами 318,1 нинг нафар дейилган).

Россиянинг Украинага бостириб киришидан олдин ҳам кўрсаткичлар шундаймиди?

2021 йилнинг 9 ойида Ўзбекистонга туристик мақсадларда жами 1 млн. 135,6 минг нафар чет эл фуқаролари келган. Бу – 2022 йилнинг мос даврига нисбатан қарийиб 2,5 млн. нафарга кам (2022 йилнинг январь-сентябрь ойларида 3,6 млн. нафар чет эл фуқаролари туристик мақсадларда Ўзбекистонга ташриф буюрган).

Rost24.uz айнан 2021 йилда яъни Россия-Украина урушидан бир йил олдин Россиядан қанча фуқаро Ўзбекистонга турист сифатида келганини аниқлай олмади. Статистика агентлигидан ушбу маълумотларни тақдим этиш сўралганда, “агентлик (Телеграм) каналида бор” деган жавоб олинди. 
 
Шундай бўлсада, Rost24.uz Давлат статистика қўмитаси маълумотлари ичидан юқорида қайд этилган 1 млн. 135,6 минг нафар чет эл фуқаролари Ўзбекистонга қандай мақсадларда келганлиги бўйича маълумотларни топди. Улар: қариндошларни йўқлаш – 954,4 минг нафар;  дам олиш – 106,6 минг; хизмат юзасидан – 40,8 минг; даволаниш – 17,9 минг; тижорат – 10,8 минг ва ўқиш мақсадида – 4,8 минг нафар чет эл фуқаролари Ўзбекистонга келган.

Кўриб турганингиздек, 2021 йилда дам олиш мақсадида бор-йўғи – 106 минг сайёҳ ташриф буюрган. Балки, бу 2020 йил 11 март санасида ЖССТ томонидан эълон қилинган пандемия билан боғлиқдир.

Маълумотларга кўра, 2022 йилда 39 мингга яқин россиялик Ўзбекистонга кўчиб келган. Қўшниларимиз — Тожикистонга эса 58,4 минг, Қирғизистонга 43,6 минг ва Қозоғистонга 40,7 минг нафар Россия аҳолисининг кўп қисми кўчиб борган. Умуман олганда ўтган йили Россиядан МДҲ давлатларига 368 минг киши чиқиб кетиб, 294 минг нафари қайтган.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
1
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар