Ўзбекистонда ўтган йили 19 боланинг умрига зомин бўлган йўтал сиропларини ишлаб чиқарувчи фирма Ҳиндистонда заҳарли саноат моддасидан фойдаланган, деб хабар бермоқда Reuters агентлиги икки манбасига таяниб.
Қайд этилишича, “Marion Biotech” компанияси пропиленгликоль моддасини (ПГ) диллер “Maya Chemtech India”дан сотиб олган. Аммо “Maya Chemtech India”да фармацевтика учун мўлжалланган маҳсулотларни сотиш учун лицензия бўлмаган. У “фақат саноат маҳсулоти билан шуғулланган”, деган Reutersʼга фирмадаги “Marion Biotech” компанияси иши бўйича терговдан хабардор бўлган манба.
«Биз “Marion Biotech” компанияси ундан йўтал сиропи тайёрлаш учун фойдаланишини билмас эдик, бизга маҳсулотимиз қаерда ишлатилиши айтилмаган», — деган тергов қилинаётган шахс.
Икки манбанинг таъкидлашича, Док-1 Макс сиропи пропиленгликоль моддаси билан ишлаб чиқарилган. (Пропиленгликоль – суюқ ювиш воситалари, антифризлар, бўёқлар ёки қопламаларда кенг қўлланиладиган ва пестицидларнинг самарадорлигини ошириш учун ишлатиладиган токсик материал бўлган саноат маҳсулоти).
«Marion Biotech”, шунингдек, Ўзбекистонга сотган сиропларда қўллашдан олдин ингредиентни синаб кўрмаган», — дея маълум қилган терговчи.
Ҳиндистон фармацевтика қоидаларига кўра, ишлаб чиқарувчилар ўзлари фойдаланадиган ингредиентларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун жавобгардир. Компания манбасига кўра, диллер “Maya Chemtech India”га айбловлар қўйилмаган, аммо тергов давом этмоқда.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ўтган йилги таҳлили шуни кўрсатдики, “Marion Biotech” компанияси ишлаб чиқарган йўтал сироплари “Док-1 Макс” ҳамда “Амбронол” таркибида истеъмол учун мўлжалланмаган маҳсулотлар (диэтиленгликоль ва этиленгликоль) мавжудлиги маълум бўлди.
“Январь ойида Ўзбекистонда 19 кишининг ўлимига алоқадорликда айбланиб, тўрт киши, жумладан “Marion Biotech” дори-дармонларини импорт қилган компаниянинг икки раҳбари ҳибсга олинган”, деб ёзади Reuters ҳозирда иш қайси жараёндалигини аниқлай олмаганини қўшимча қилиб.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу борадаги белгиланадиган жазолар бўйича саволга жавоб бермади, дейди нашр. Охирги марта “Док-1 Макс” иши бўйича Ўзбекистон Коррупцияга қарши курашиш агентлиги хабар берганди. Агентлик хабарида “бир қатор мансабдорлар” деган мавҳум жумла ва Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳамда унинг ҳузуридаги “Дори воситалари, тиббий буюм ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУК директори К.С. ҳамда содир этилган жиноятларга алоқадор бўлган унинг бир нечта жиноий шериклари иш бўйича ушланиб, уларга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланганини айтилганди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти шу ой бошида Reuters агентлигига мазкур иш бўйича маълум қилишича, 2021 йилда пропиленгликоль моддаси нархи ошганида, бир ёки бир нечта етказиб берувчилар арзонроқ заҳарли суюқликларни кимёвий моддалар билан аралаштиришган.
Ҳиндистон ҳукумати томонидан лабораторияда ўтказилган тестларда “Marion Biotech” ишлаб чиқарган сиропларнинг 22 намунаси “сохта” эканлигини аниқлаган.
“Marion Biotech” лицензияси бекор қилинган. Полиция “Marion Biotech”нинг уч ходимини ҳибсга олган ва икки директорни ҳибсга олиш учун ордер берган. Кейинроқ эса уч нафар ходим гаров эвазига қўйиб юборилган. Бу ҳақида нашрга полиция ходими маълум қилган. Бироқ нашр фақат улардан бири билан боғлана олганини ва у компанияда ишлашни тўхтатганини айтганини қайд этган.
Оллоҳобод Олий судида иштирок этган “Marion Biotech” икки директорининг адвокати “маҳсулот стандарт сифатига эга эмас, аммо сохта ҳам эмас. Мижозларим Ҳиндистоннинг ҳеч қандай қонунини бузмаган, чунки дорилар фақат экспорт учун мўлжалланган”, дея оқлашга ҳаракат қилган.
Ўзбекистондаги ўлимлардан ташқари, ўтган йили Гамбияда ҳам 70 нафар бола Ҳиндистондаги бошқа бир компания томонидан ишлаб чиқарилган йўтал сиропларини истеъмол қилгани сабабли вафот этган. Индонезиянинг ўзида ишлаб чиқарилган йўтал сироплари ҳам 200 нафар бола ўлимига сабаб бўлган эди.
Токсинлар бошқа ҳинд компанияси “Maiden Pharmaceuticals” томонидан Гамбияга экспорт қилинган йўтал сиропларида топилган. ЖССТ бу сиропларни болалар ўлими билан боғласа-да, “Maiden Pharmaceuticals” компанияси барча жавобгарликни рад этган.
Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган сироплар билан боғлиқ ўлимлардан кейин, Гамбия Ҳиндистоннинг дори воситаларини тартибга солувчи ташкилотга барча фармацевтика маҳсулотларини Ҳиндистондан жўнатилишдан олдин Ҳинд экспортчиси ҳисобидан текширилиши ва синовдан ўтказилиши мажбурий бўлишини айтган.
Ҳозирга келиб, Ҳиндистон компанияларга йўтал сиропларини экспорт қилишдан олдин синовдан ўтказишни мажбурий қилди.