ИИВ: вилоят матбуот котибимиз маълумотни тўлиқ ўрганмаган ҳолда тайёрлаган
Кеча, 22 июнь куни Самарқандда бассейн очилиш маросимидан суратлар билан танқидий хабар чиқарилгани жамоатчиликнинг эътирозларига сабаб бўлган эди. Шундан сўнг ИИВ Ахборот хизмати раҳбари Ш.Ғиёсов Самарқанд вилояти ИИБ Ахборот хизмати раҳбари Ж.Сагдуллаев томонидан ўз саҳифасига жойлаштирилган мазкур “Вавилон” чўмилиш ҳавзасининг очилиш маросимидаги тадбир бўйича хабарига муносабат билдирди.
Унга кўра, чўмилиш ҳавзасининг очилиш маросими ташкилотчилари Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 29 июлдаги 205-сонли “Оммавий тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори талабларини инобатга олмаган ҳолда, 2000 дан зиёд фуқаролар учун оммавий кўнгилочар маросимини ташкил этган.
Ушбу тадбир Самарқанд вилояти ИИБ томонидан ўрганилиб, тадбир ташкилотчилари билан профилактик суҳбат ўтказилиб, келгусида хавфсизлик чоралари кўрилиши зарурияти ҳақида қатъий огоҳлантирилган.
Аммо, хабарда акс этган, тадбирда иштирок этган аёлларга нисбатан тери-таносил касалликлари кўригидан ўтказилганлиги ва ОИТС/ОИВга текшириш учун қон таҳлиллари олинганлиги тўғрисидаги маълумот, вилоят ИИБ матбуот котиби Ж.Сагдуллаев томонидан шошмашошарлик билан вазиятни тўлиқ ўрганмаган ҳолда тайёрланган.
"Тадбир иштирокчиларининг ҳеч бири тиббий кўрикдан ўтказилмаган ва уларга нисбатан ҳуқуқий таъсир чоралари қўлланилмаган.
Ички ишлар вазирлиги томонидан вилоят ИИБ ходимларининг ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви тайинланган”, – дейилади ИИВ Ахборот хизмати раҳбари Ш.Ғиёсов берган муносабатда.
Юз берган ҳолатдан сўнг, жамоатчилик орасида Жаҳонгир Сагдуллаев лавозимидан озод қилингани ҳақида тасдиқланмаган хабарлар тарқалмоқда. Аммо, ИИВ кечадан буён бу хабарларга ҳеч қандай муносабат билдирмади ва ҳолатни аниқлаштирмади.