Сирдарё вилояти ва Ховос тумани ҳокимликлари сайтимизда «Сирдарё: "Союз” давридан қолган таъмирталаб йўллар» сарлавҳаси остида эълон қилинган видеолавҳа юзасидан расмий муносабат билдирди.
Ушбу видеолавҳада Ховос туманидаги учта маҳалла (Бўстон, Ҳуснабод, Қаҳрамон) аҳолисини қийнаётган 4 километрлик носоз йўл масласи фуқаролар фикри ва масъуллар жавоби асосида кутарилган эди.
Сирдарё вилоят ҳокимлиги ўз расимй муносабатида “аҳолини қийнаётган 4 километрлик йўл масласи куни кеча депутатлар Кенгашига киритилган объектлар рўйхатида мавжудлигини, яқин кунларда таъмирлаш ишлари бошланишини” маълум қилди.
Ховос тумани ҳокимлиги эса вилоят автомобиль йўллари бош бошқармасига таянган ҳолда “Сирдарё вилояти автомобиль йўллари бош бошқармаси томонидан автомобиль йўлининг таъмирталаб қисмини 2023 йилнинг якунига қадар таъмирлаб берилишини” қайд этган.
Шунингдек, туман ҳокимлиги “ушбу йўллар 2010-2017 йиллар мобайнида “Сардоба” сув омбори қурилиш пайтида оғир юк ташувчи автотранспорт воситалари мунтазам равишда қатнаши натижасида носоз ҳолатга келганини, аммо Ховос туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси томонидан ўтган йиллар давомида Бинокор ва Бўстон МФЙларни боғловчи йўлларда жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилгани” билдирган.
Юқоридаги ваъдалар қоғозда қолмайди, деган умиддамиз. Rost24.uz бу мавзуга яна қайтади.