Сирдарё: “Союз” давридан мерос қолган таъмирталаб йўллар

16.06.2023 11:27

Ховос туманида учта маҳалла (Бўстон, Ҳуснабод, Қаҳрамон) аҳолиси асосан битта асосий йўлдан шаҳарнинг равон йўлига чиқишади. Асосий йўлнинг умумий узунлиги 4 километрдан ортиқ ва ҳозирда носоз ҳолатда. Rost24.uz айни масалани ўрганиш мақсадида ушбу манзилда бўлди.

Шаҳарнинг равон йўлларидан мурожаат манзили томон буриларкансиз, сизни аҳоли таърифлаган носоз йўл қарши олади.

Айрим қисмлари таъмирланган, ўртада бир километрча қисми асфальт ҳам қилинган йўлда кетаркансиз, худди чанқаган одам сув томчисини кутгандек, равон йўл келишини кутишни бошлайсиз.

— Йўлимиз анча йиллардан бери бузилса бузиляптики, аммо асфальт қилинмайди. Машинамизга кетаётган харажатларни ўйласак, машинани кўчага ҳайдаб чиққимиз келмайди», — дейди таъмирталаб йўлдан шаҳарга кетаётган ҳайдовчи.

Бошқа бир таксичи амаки эса, йўл носозлигидан асфальт қолиб, чанг йўлдан юришини айтади. «Асфальт йўл ёнидаги чанг йўлдан юрамиз. Агар, асфальт йўлдан юрсак, аниқ 600-700 минг сўмдан олган шиналарни расво қилади, машинани “майиб қилади”. Бундан кўра, тупроқ йўлда чангиб юрганимиз яхши...», — дейди у.

Ҳайдовчилар йўл масаласида фикрларини билдираркан, деярли барчаси носоз йўл туфайли ортиқча сарф-харажатлардан зада бўлиб кетгани сезилади.  

Совет даврида қилинган йўллар ҳали бор-да, бизнинг дардимизни бирор инсон эшитмайди. Автобусда ярим соатлик йўлга бир соатда борамиз, яна қайтиб келамиз. Машиналар давлатники бўлса, ҳар ойда таъмирлаш керак. Агар шу йўлга озгина эътибор берилса, биз халқнинг хизматини қилиб, тезроқ манзилига етказиб қўярдик», — дейди автобус ҳайдовчиси.

Бир онахон носоз йўл сабабли, таксичилар ҳам айтилган манзилга элитиб қўймай, йўлнинг четига ташлаб кетишини, ҳатто шошилинч равишда қайсидир юмуш билан бирор жойга бориш лозим бўлса ҳам, таксилар унча-мунчага бормаслигини, нархларни икки-уч баробар ошириб олишларини таъкидласа, яна бир отахон тез ёрдам ҳам ўз вақтида етиб келолмаслигини, айрим ҳолатларда етиб келса-да, машинаси бузуқ ҳолатда бўлиб, касални вақтида олиб кетишга имкони бўлмай қолишини айтади.

Отахоннинг бу гапларидан кейин, ҳудуддаги тез ёрдам ҳайдовчисига “Йўлнинг бу ҳолати сизга қандай қийинчиликлар туғдиради?" деган мазмундаги савол билан юзландик.

— Аҳоли айтганидек, йўлларимиз талабга жавоб бермайди, машинамиз ҳам, ўзимиз ҳам айтилган жойга қийналиб борамиз. Аҳоли кўп бўлгани учун, касаллар кўп бўлади. Баъзан туғруқ ҳолатлари бўлади, бундай вақтда "Фарҳод-5"га олиб боришимиз керак, бунга 1 соат вақтимиз кетади. Йўлимиз ёмон ва узоқ. Шунга қарамай, имкони борича етказиб боришга ҳаракат қиламиз. Лекин, айланиб келиб сарф-харажати ўзимизга тушади, шинаси кетади, двигатели кетади, (7 кмга 7,5 лтир бензин) ёқилғимиз етмайди, гоҳида ўз ҳисобимиздан ёқилғи қуямиз», — дейди тез ёрдам ҳайдовчиси Бегмат Абдуллаев.

Фуқароларнинг эътирозли фикрларини эшитарканмиз, масъуллар ҳам етиб келишди. Ўзини Ховос тумани 359 йўл бўлими (ушбу носоз йўл бўйича) бошлиғи деб таништирган масъулдан фуқароларга қачон қулайлик яратилишини сўрадик.

— Йўлнинг жорий таъмирлаш ишлари асосан ажратилган маблағлар билан амалга оширилади. Шу йилнинг март-апрел ойларида ажратилган маблағлар билан йўлнинг айрим қисмларини таъмирладик. Ажратилган маблағ билан йилнинг охирига қадар ўша 4 километр носоз йўлни таъмирлаш ишларини олиб борамиз, — дейди Нодир Мамиров, — Йўлимиз дастурга киритилган. Шаҳарлардан навбат билан келиняпти. Бу йил 666-йўлимиз киритилган, 2024 йилнинг 4-чорагига қадар йўлимизнинг энг ёмон қисми (“Сардоба” сув омбори қурилишида (2017 й.) жуда кўп юк ташувчи транспорт воситалари қатнаши оқибатида бузилиб кетган) асфальт қилинади».

Масъулга “битта йўлга асфальт ётқизилганидан кейин яна неча йилда қайта асфальт қилиниши керак, деган мазмунда савол бердик.

Бу йўлимиз 3-4 категорияга киради, яъни 12 йилда қайта асфальт қилиниши керак. Бу йўлга эса анча йиллар бўлиб кетган, аммо қайта асфальт қилинмаган. Фақат таъмирлаш ишлари қилиб келинади», — деди Нодир Мамиров.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
2
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар