«Ҳокимиятни ағдариш учун тузилган гуруҳга хориждан моддий ёрдам берилиши кутилаётган эди» — Қирғизистон хавфсизлик қўмитаси.
Кеча Бишкекда ҳокимиятни зўравонлик йўли билан эгаллаб олишга тайёргарлик кўраётган гумонланувчиларни оммавий ҳибсга олиш ишлари олиб борилаётгани ҳақида хабар бергандик.
Бугун Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси мазкур воқеалар бўйича изоҳ берди.
«Бу жиноий гуруҳ йил давомида мақсадли равишда тарафдорларни тўплаб, мамлакат бўйлаб энг норози кайфиятдаги фуқароларни ўз сафига қўшган. Ташкилотчи ва “мафкуравий илҳомлантирувчи” 64 ёшли жамоатчилик фаоли, “Элдик Кенеш” партияси раҳбари Р. Нурматова раҳбарлигида ҳокимиятни зўрлик билан эгаллаб олиш режаларини муҳокама қилиш учун йиғилишлар мунтазам ўтказиб келинган», — деди Қирғизистон давлат хавфсизлик қўмитаси.
Аниқлик киритилишича, ушбу уюшган гуруҳга республиканинг барча ҳудудларидан жамиятнинг 100 нафардан ортиқ турли соҳа вакиллари жалб қилинган.
«Яқин келажакда ташкилий масалаларни молиялаштириш ва асосий етакчиларга маош тўлаш учун хорижий манбалардан маблағ олиниши кутилаётгани ҳақида маълумотлар бор. Фитначилар жамиятда ҳар қандай воқеа юзасидан норозилик пайдо бўлганидан сўнг, дарҳол ўзларининг жиноий режаларини амалга оширишнинг фаол босқичини бошлашни ният қилган», — дейилади хабарда.
Қўшимча қилинишича, ҳозирда барча қўлга олинганлар Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг октябрь ойида Бишкек шаҳрида парламент сайловлари натижаларига қарши бўлганларнинг норозилик намойишлари бошланиб, мамалакат президентини алмаштириш билан якунланган эди.