МОНОПОЛИЯ КОНСТИТУЦИЯДАН БОШЛАНАДИМИ?

13.05.2023 12:13

АОКА энди Конституция монополиясидан воз кечадими?

“Монопол фаолият қонун билан 
тартибга солинади ва чекланади”
янги таҳрирдаги Конституциянинг 67-моддаси

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ёзилган китобларни кўздан кечирсангиз, унинг босиб чиқарилиши фақат биргина нашрга тегишли эканлигига гувоҳ бўласиз.

Ҳар бирининг охирги бетига фақат “Ўзбекистон” нашриёти” ёрлиғи босилиши эътиборимизни тортди. Бир неча хусусий нашриётлар билан боғланиб қилган суриштирувларимиз эса шубҳа-гумонлар бежиз эмаслигини исботлади. Яъни, хусусий нашриётларнинг маълум қилишича, Конституцияни босиб чиқариш қонун билан маън этилган экан. Ҳаттоки, Ўзбекистондаги мавжуд нашриётларнинг барчасига Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан Конституцияни чиқармаслик ҳақида махсус Огоҳлантириш хати ҳам жўнатилган.

АОКА томонидан 2021 йилнинг ноябрь ойида ноширлик фаолиятини юритувчи тадбиркорлик субъектларига жўнатилган 06-4400 рақамли  хатда қуйидаги сўзлар билан чеклов белгиланган:

“Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва  Олий Мажлис Сенати Кенгашининг 2017 йил 30 августда қабул қилинган 1069-III/КҚ-231-III-сон қўшма қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг Конституциясини қайта нашр қилиш ва кўп нусхада чоп этиш Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамда Адлия вазирлиги томонидан амалга оширилиши белгилаб қўйилган”.

Қонун ижодкорларининг “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясини қайта нашр қилиш бўйича комиссия тўғрисида”ги  Қўшма қарори 2017 йил 30 августда қабул қилинган.

Ушбу санадан 4 йил ўтиб, 2021 йил 21 ноябрда қабул қилинган “Ноширлик фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 5-моддасида эса шундай дейилади:

"Ноширлик фаолияти субъектлари ўз фаолиятида, шу жумладан мавзуни, ихтисослашувини, ишлаб чиқариш кооперациясини аниқлашда, муаллифларни танлашда, ададни, ноширлик маҳсулотининг нархларини белгилашда, ўзаро алоқаларнинг, ишлаб чиқарувчилар ва етказиб берувчилар, шунингдек бошқа ташкилотлар билан алоқаларнинг шаклларини белгилашда мустақилдир".

Мазкур қонунда нашриётларни қонун доирасида ишлаши учун меъёрлар ҳам белгиланган. Аммо унда ҳам Конституция нашрини тақиқловчи сўзлар йўқ. Қонуннинг 8-моддасида тақиқланган йўналишлар бирма-бир санаб ўтилган. Мисол учун, конституциявий ўзгартиришга, оммавий тартибсизликларга доир даъват, ёлғон ахборот ва давлат сирларини тарқатиш каби фоалиятлар тақиқланиши санаб ўтилган. Аммо тақиқланган йўналишлар қаторидан Конституцияни нашр қилишни чеклаш топилмади.

Ушбу ҳолатнинг сабабини аниқлаш учун АОКА матбуот хизмати билан телефон орқали боғландик. Матбуот хизмати эса хат орқали мурожаат қилишмизни ва хат орқали жавоб олишимизни эслатиб қўйди. “Бу чеклов бекор бўлган” деган маълумотни ҳам бера олмади (Шу ўринда, аслида бу ташкилот журналистларнинг олдидаги қоғозбозлик ва бюрократик тўсиқларга қарши курашиш учун ташкил этилмаганмиди, деган савол ҳам пайдо бўлади).

Суриштирувларимиз натижасида баъзи бир маълумотлар аниқланди. Шу вақтгача Конституция китобларини нашр қилиш Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ва Адлия вазирлиги томонидан “Ўзбекистон” нашриётида нашр қилиниши белгиланган.

Маълумот учун, Президентнинг 2020 йил 16 мартдаги ПҚ-4640-сон қарори асосида “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” давлат илмий нашриёти ҳамда Чўлпон номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи бирлаштирилиб, уларнинг негизида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг “Ўзбекистон” нашриёти давлат унитар корхонаси ташкил этилган эди.

Демак, Конституция ҳам катта эҳтимол билан агентлик тасарруфидаги “Ўзбекистон” нашриёти томонидан нашр қилинади. 30 апрель куни тасдиқланган янги таҳрирдаги конституцияга эса монополияга оид алоҳида банд киритилди. “Монопол фаолият қонун билан тартибга солинади ва чекланади” дейилди 67-моддада. Монополиянинг чекланиши Конституцияда белгилаб қўйилди. Ушбу модда Конституциянинг нашр қилинишига ҳам таъсир қиладими?  Бу саволга масъуллардан жавоб кутамиз.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
8
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар