Ҳукумат қарори билан қабул қилинган низомга кўра, энди жамоатчилик фикри асосида лойиҳалар тўплами шакллантирилади ҳамда ғолиб бўлган маҳалла ва қишлоқлар аниқланади.
Овоз бериш жараёни ҳар йили ноябрь–декабрь ойларида (2023 йил учун истисно тариқасида 2023 йил май ойида) ўтказилади.
Жараёнлар 3 та босқичда ташкил этилиши режалаштирилган.
1-босқичда – порталда лойиҳалар тўплами шакллантирилади;
2-босқичда – шакллантирилган лойиҳалар тўплами саралаб олинади;
3-босқичда – саралаш босқичидан ўтган лойиҳалар тўпламларига овоз берилади.
Ғолиб маҳалла ва қишлоқлар овоз бериш жараёни бошланишидан аввал лойиҳалар тўпламига берилган овозлар сонидан келиб чиқиб, ёки аҳолиси сони кам бўлган маҳаллаларга (қишлоқларга) тузатиш коэффициентини қўллаган ҳолда лойиҳалар тўпламига берилган овозлар сонидан келиб чиқиб аниқланади.
Овоз бериш якунланганидан сўнг 3 кунда ғолиб деб топилган лойиҳалар тўпламини амалга ошириш бўйича манзилли рўйхат шакллантирилади ҳамда жамғарма маблағларидан фойдаланиш бўйича туман (шаҳар) Махсус комиссиясининг тегишли қарори қабул қилинади. Туман (шаҳар) ҳокимлиги томонидан 3 кунда лойиҳалар учун манзилли рўйхатда назарда тутилган маблағлар ўтказиб берилади.
Лойиҳада ҳар йил якунлари бўйича жамоатчилик фикри асосида лойиҳаларни шакллантириш билан боғлиқ жараёнларда фаол иштирок этган фуқаролар рағбатлантириб борилиши ҳам кўзда тутилган.