Rost24.uz интернет сайтида жорий йил 1 май куни “Микрокредитбанкка омонат қўйиш хавфлими? Банк нега мижозларни сарсон қилмоқда?” номли мақола эълон қилинди. Мазкур мақолада Хоразм вилояти Шовот тумани “Боғбон” маҳалласида яшовчи фуқаро Нафиса Рўзибоева 2021 йилнинг 25 январида онлайн тарзда омонат пули қўйиш учун Шовот туманида жойлашган Микрокредитбанкка боргани ва банк ходими онлайн тарзда фуқаронинг омонат пулини қабул қилгач, орадан бир йил ўтиб, яъни, 2022 йилнинг февраль ойида мурожаатчи омонатга қўйилган пулларини сўраганда банк ходимлари пуллар банк компьютерига тушгани, лекин қаерга кетгани номаълум эканини айтишгани хабар қилинган эди. Шундан сўнг мурожаатчи туман Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилган.
Банк ахборот хизмати мақолада кўрсатилган важларни ўрганиб, қуйидагиларни маълум қилган:
Аниқланишича, 2023 йил 8 февраль куни фуқаро Нафиса Рўзибоева банкнинг Хоразм вилоят минтақавий филиалининг ишонч рақамига мурожаат қилган (мурожаат рақами: 1-01/2023). Мурожаат ўрганилганда, мижозга банк томонидан ҳеч қандай омонат ҳисоб рақами очилмаганлиги ҳамда шартнома имзоланмаганлиги маълум бўлган. Аслида, фуқаро Нафиса Рўзибоева томонидан 2021 йил 25 январда 40 000 000 сўм, 2021 йил 2 августда 19 670 000 сўм миқдоридаги нақд пул маблағлари банк картасига кирим қилиш учун топширилган. Картага кирим қилинган 40 000 000 сўм маблағнинг 8 159 029 сўм 70 тийини Бобожонова Муқаддасга, қолган 31 840 970 сўм 30 тийини Атамурадова Моҳинур номидаги банк карталарига шу куннинг ўзида фуқаронинг телефонидаги “MKB Mobile” иловаси орқали ўтказилган.
Бундан ташқари, мижоз 2021 йил 2 август куни банк кассаси орқали 19 670 000 сўм маблағни ўзининг банк картасига кирим қилган. Ушбу маблағ шу куннинг ўзида Атамурадова Моҳинур номидаги банк картасига мобил илова орқали ўтказилган. Мазкур фуқаро билан телефон орқали суҳбатлашилганда, Шовот филиалида омонатга маблағ қўймоқчи бўлиб банкнинг собиқ ходими Миржалол исмли фуқарога мурожаат қилгани ва Миржалол томонидан 59 670 000 сўм пул маблағни ўзининг (фуқаро Нафиса Рўзибоеванинг) банк картасига кирим қилиб берилганлигини маълум қилди.
Миржалол фуқаро Нафиса Рўзибоеванинг телефонига ўрнатилган “MKB Mobile” иловасидан фойдаланиб, банк картасидаги жами 59 670 000 сўм пул маблағини онлайн омонатга қўймасдан бошқа карталарга ўтказиб юборганини айтди. Шундан кейин Н.Рўзибоева Ички ишлар бошқармаси Шовот бўлинмасига мурожаат қилиб, 59 670 000 сўм пул маблағини Миржалолдан ундириб олганлигини, бироқ, пул маблағлари учун фоизларини ололмаганлигидан норозилигини билдирди.
Қўшимча маълумот учун, Миржалол исмли шахс Шовот филиалида 2020 йилнинг 21 декабрига қадар фаолият юритган. Шунингдек, ушбу маблағ “Микрокредитбанк” АТБдан эмас, балки Ички ишлар ходимлари томонидан фуқаро Нафиса Рўзибоева фойдасига фуқаро Отамуратов Миржалол Норбой ўғлидан ундирилган. Банк ахборот хизматига кўра, мазкур фуқаролар ўртасидаги пул билан боғлиқ ўзаро муносабатларда “Микрокредитбанк” АТБ иштирок этмаган.