Болалар музейлари завқ ва хурсандчилик манбаи

07.04.2023 17:29

Маълумотларга кўра биринчи болалар музейи 1899 йилда Америкада қурилган. Ҳозирда эса кўплаб йирик шаҳарларда болаларни қизиқтирувчи ва табиатнинг турли ҳодисалари ҳақида содда тушунчалар берувчи бундай масканлар мавжуд. Бруклин, Париж, Лондон, Москва, Вена, Залцбург, Стокголм, Берлин, Бостон, Истанбул, Барселонадаги болалар музейлари турли шакл ва кўринишлар орқали болаларга завқ ва хурсандчилик бахш этиб келади. 

Истанбулдаги бир қатор музейлар ҳам болаларнинг маданият, санъат, технология ва тарих ҳақидаги тушунчаларини кенгайтириб, бутун оила учун қизиқарли лаҳзаларни яратади. Бу ердаги болалар музейларида болалар байрамига алоҳида тайёргарлик кўрилади. 

1994 йилда очилган Раҳми М. Коч музейи Истанбулдаги ноёб музейлар сирасига киради. Олтин шох соҳилидаги Ҳаскўйда жойлашган музей Туркиянинг транспорт, саноат ва алоқа тарихига бағишланган ягона йирик музейидир. Музей классик автомобиллар, биринчи трамвайлар, қайиқлар, антиқа самолётлар, пароходлар ва пенни-фартингс (илк велосипед турлари) акс эттирилган экспонатлар билан ўтмишга унутилмас саёҳатга имкон беради. 

Шунингдек, ташриф буюрувчилар илмий ихтиролар ва ускуналарга бағишланган бўлимларда ўз уфқларини кенгайтиришлари мумкин. Музей коллекциясида Мустафо Камол Отатуркнинг шахсий буюмлари ҳам бор.

Раҳми М. Коч музейида мунтазам равишда болалар учун турли тадбирлар ва маҳорат дарслари ташкил этилади. Истанбул Ўйинчоқлар музейи ҳам болажонларга завқ беришга мўлжалланиб ранг-баранг ўйинчоқлар билан бойитилган. Бу музейда шоир ва ёзувчи Сунай Акин томонидан йигирма йил давомида 40 дан ортиқ мамлакатлардаги антиқа дўконлар ва аукционлардан тўпланиб тақдим қилинган ўйинчоқлар тўплами мавжуд. 

Музей экспонатлари 1700 йиллардан ҳозирги кунгача бўлган ўйинчоқлар тарихининг энг машҳур намуналарини ўз ичига олади. Бу ота-оналар ва болаларга дунё тарихини қизиқарли ва эсда қоларли тарзда ўрганиш имкониятини беради. Истанбулдаги ушбу ўйинчоқлар музейи бутун дунё бўйлаб “Болалар ва ўйинчоқ музейлари иттифоқи”нинг ташкил этилишига асос солган бўлиб, Истанбулга “ўйинчоқ музейлари пойтахти” унвонини берилишига сабабчи бўлди. Болалар томонидан севилган яна бир музей эса Онадўлида тарих давомида ҳукмронлик қилган цивилизацияларнинг меъморий меросини бирлаштирган Миниатюрк музейидир. 

2003 йилда “Катта мамлакатнинг кичик модели” шиори билан ташриф буюрувчилар эътиборига ҳавола этилган Миниатурк, Туркиянинг энг муҳим асарларининг 1/25 ўлчамли макетлари намойиш этилган ноёб музейидир. Карвонсаройлардан мажмуаларгача, масжидлардан то черков ва синагогалар, қадимий бинолару саройларгача бўлган 137 та меъморий асарларнинг миниатура макетлари Туркиянинг санъат ва меъморчилигини намойиш этади.

Миниатуркга ташриф - бу турк тарихига ғойибона саёҳатдир! 

Аслини олганда, болаларни сеҳр ва иллюзия ҳамиша диққатини тортган. Оптик иллюзиялар, голограммалар, иллюзион туннеллар ва ташриф буюрувчини тескари кўринишга олиб келадиган, барча ёшдаги меҳмонларга қизиқарли тажрибаларни тақдим этадиган моҳирона тарзда ишлаб чиқилган хоналар... 

Истанбул иллюзиялар музейи болаларга интерактив ва қизиқарли саёҳатни таклиф қилса, кўргазмалар ўзининг идрок қилиш ҳийлалари билан болаларнинг тасаввурларини ривожлантиришга ҳам ҳисса қўшади.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
1
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар