Ўзбекистон аҳолисининг китобхонлик даражасига ҳеч қизиқиб кўрганмисиз? Улар кўпроқ қайси муаллифларнинг китобларини ўқийди? Қайси китоблар кўпроқ нашр қилинди?
Wоrldometer сайти маълумотларига кўра, 2023 йил 16 март 18:33 ҳолатига кўра, 568,001 та китоб нашр этилган. Бу статистика дақиқа сайин кўпайиб боради.
Rost24.uz мухбирлари Тошкентнинг Чилонзор тумани, «Чорсу» бозори ҳамда Талабалар шаҳарчасида бўлиб, аҳолига «Китоб ўқийсизми?», «Қайси муаллифларнинг китобларини ўқийсиз?» ҳамда «Охирги ўқиган китобингиз қайси?» каби саволларни берди.
Аҳолининг жавоблари эса турлича бўлди:
- Китоб ўқийман, фақат наушникда;
- Йўқ, ўқимайман;
- Энди бошлайман;
- Илмий йўналишда ўқийман, бадиий китоб эмас;
- Анча бўлди китоб ўқимаганимга;
- Китобдан узоқман…
Китоб ўқувчи аҳоли ҳам бор, улар жаҳон адабиётидан Фёдор Достоевский, Лев Толстой, ўзбек адабиётидан Ўткир Ҳошимов, Чўлпон, Тоҳир Малик, Абу лайс Самарқандий, шунингдек турк адабиётидан Аҳмад Лутфий Қозончи, Амина Шенликўғлу каби ёзувчиларнинг асарларини кўпроқ ўқияпти.
Аммо бугун турк адабиётига талаб юқори, талабга яраша таклиф бўлади деганидек, Ўзбекистондаги бир қатор нашриётларда ҳам турк адабиётлари кўпроқ сотилган. Мисол учун ўтган йилда “Factorbooks” нашриёти томонидан Мирач Чағри Оқтошнинг «Ҳаёт ютқазган жойингдан бошланади» китоби, “Ibook” китоб дўконида февраль ойининг охирги ҳафтасида эса Нурия Челееннинг «Қалб иффати», Баҳодир Янгишаҳарликоғлунинг «Ҳанна» китоблари сотилган.
Шунингдек, диний «Ҳилол-нашр» нашриётида эса Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг «Бахтиёр оила», «Иймон», «Мўминнинг меърожи» китоблари харидоргир бўлган.
Батафсил видеода кўринг: