2022 йилда муҳофазага олинган маданий мерос объектларига зарар етказиш ҳолатлари 122 тани ташкил қилган. Бу бўйича 71 та жисмоний ёки юридик шахслар жаримага тортилган. Бундан ташқари 24 та фуқаро жиноий жавобгарликка тортилган. Ўзбошимчалик билан ер эгалланиши ёки муҳофаза қилинган ерларга сўроқсиз кириб бориш бўйича 27 ҳолат аниқланган. Ушбу ҳолатлар бўйича 7 млрд 805 млн сўмлик жарималар қўлланилган.
Нега маданий мерос объектлари билан боғлиқ бундай ҳолатлар кузатилмоқда?
Муҳофазадаги объектларни сақлаб қолишда агентликнинг қанчалик ваколати бор, бу ваколатлар етарлими? Ижтимоий тармоқлар орқали кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлган «Анҳор» кафесининг бугунги кундаги тақдири нима бўлди?
Маданий мерос агентлиги мутасаддиларига юқоридаги мазмундаги саволлар берилди.
Бўзсув канали ёнидаги «Анҳор» кафесининг ҳозирги ҳолати бўйича Маданий меросни асрашга доир ишларни лицензиялаш, рухсатнома бериш, илмий-техник назорат қилиш бошқармаси бошлиғи Баҳодир Ҳаққулов, 2023 йил 16 февраль куни агентлик ёнидаги қурилаётган меҳмонхона бўйича ишчи гуруҳ бориб ўрганганлигини, ҳақиқатдан ҳам ушбу меҳмонхона ноқонуний эканлиги аниқланганини айтди. Ушбу лойиҳа маданий мерос агентлиги ҳузуридаги илмий-эксперт кенгашидан ўтмаган ва ноқонуний деб топилган. «Анҳор» кафеси биноси бўйича тегишли тартибда Ўзбекистон Республикаси ЖК нинг 132-моддаси билан, Вазирлар Маҳкамасининг 265-сонли қарорининг 8-иловаси, яъни маданий мерос объектларига етказилган зарарни ҳисоблаш методикаси бўйича ҳисоблаб чиқиб, тегишли рақамлар билан жиноят иши қўзғатилган.
Шунингдек, Маданий мерос агентлигининг ваколатлари бўйича берилган саволга маданий мерос агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Турсунали Қўзиев жавоб берди:
- «Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган илмий эксперт кенгаши бор. Бунда ушбу соҳанинг йирик экспертлари, мутахассислари мавжуд. Хусусийлаштирилган маданий мерос объектларига илмий-эксперт кенгашига кириб, бугунги аҳволини кўришга рухсат берилмаган. Аслида уларнинг ҳам эътирози тўғри. Лекин шунга қарамай, эксперт кенгаши ноқонуний қурилишни аниқлаб, прокуратурага тақдим қилган», деди у.
Аслида бундай ваколат маданий объектларини муҳофаза қилувчи ташкилотларда бўлиш керак эмасми? Ёки агентлик фақат номи бору, лекин таъсири йўқ ташкилотми?