Жиззах суди ижод эркинлигига ҳам таҳдид қиляптими?
Конституция янгиланиши арафасида Жиззах суди ижод, фикр эркинлигини таҳқирлаяптими?
Ўзбекистонда кўп бора ЙПХ ходимлари билан боғлиқ вазиятлар кулги объекти бўлган. Сатирик кўрсатувлар сони ҳам кам эмас. Лекин, бу учун қамалиш ҳолатлари одатда кузатилмаган.
Жиззахда ички ишлар ходимлари ҳақида сатирик видеолавҳа тайёрлаган икки шахс 15 ва 10 суткага озодликдан маҳрум этилган. Бу ҳақида Ички ишлар вазирлигининг йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан вайнерларни хавфли жиноятчилар сифатида талқин этувчи репортаж тайёрланган.
Жиззах вилояти Ғаллаорол суди сатирали видео тайёрлаган шахсларни ички ишлар ходимларини кийимини ноқонуний кийишда ва майда безориликда айблаб, 15 ва 10 суткага озодликдан чеклаш бўйича ҳукм чиқарган.
Ички ишлар ходимларини кийимини ноқонуний тарзда кийиб юриш қонунга кўра, энг кам иш ҳақининг 2 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Суд эса вайнерларнинг видеолавҳаларини ички ишлар ходимларини камситиш деб топиб, уларга нисбатан 15 ва 10 суткалик қамоқ жазосини ҳам қўллаган.
Шунингдек, вайнерчилар кийган ички ишлар ходимлари формаси намунадагидан фарқ қилган. Улардаги формаларда погон ва Ўзбекистон Республикаси герби кўринмайди.
Суд залида сатирик видеолавҳалар тайёрлаган вайнерлар одамларга кулги, ҳазил улашиш ниятида бўлганини тан олган.
Сатира, латифа, интермедияларда асосан турли соҳа вакиллари кулги остига олинади шу жумладан ички ишлар ходимлари ҳам. Кўпгина демократик ва ҳатто автократик давлатларда ҳам бу жанрда ички ишлар ходимлари кулгига олингани учун актёр ёки блогерларга нисбатан маъмурий жазо қўлланилмайди.
Маълумот ўрнида:
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 209-1 моддаси билан тўлдирилган. Модда вазирлик, идора ва ташкилотлар формасини ноқонуний кийиб юришга қарши чораларни белгилайди. Тасдиқланган намунадаги ҳарбий, идоравий ва махсус формали кийим-бошни бундай ҳуқуққа эга бўлмаган шахслар томонидан кийиб юриш формали кийим-бошни мусодара қилиб, энг кам иш ҳақининг 2 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.