"Буюк юрт фарзанди" — йиғлаётган аёл

08.03.2023 10:12

Қийинчиликларни менсимайдиган фермер аёл ҳикояси

Ойимжон Мардиева 64 ёшда. Сирдарё вилоятининг Ховос тумани Мустақиллик маҳалласида истиқомат қилади.

Асли далада меҳнат қилиб, вояга етган қаҳрамонимизда ерга муҳаббат шу тариқа пайдо бўлган. Зафарободдан Ховосга келин бўлиб тушгач, турмушнинг турли муштларидан таътиб кўришга мажбур бўлади. Бир қанча соҳаларда ишлаб кўрди. 1999 йилдан эса фермерлик фаолиятини бошлади.

Мен 6 гектар ер олиб, 5 гектарига пахта ва 1 гектарига сабзавотлар экардим - дейди Ойимжон Мардиева Rost24.uz билан суҳбатда.

Шу тариқа фермерлик фаолияти ривожланиб, ерлари бугунги кунда 65 гектарга етган. Ўзи эса бу ҳақида шундай дейди:

"Менинг 65 та фарзандим бор. 65 гектар еримнинг ҳар бир гектари фарзандим бўлади. Уларни боқаман, сув бераман, ўғит бераман".

Оиладаги келишмовчиликлар сабаб қаҳрамонимиз яшаб турган уйини турмуш ўртоғига ташлаб, 4 нафар фарзанди билан уйсиз қолади, шундан сўнг уларни бир ўзи вояга етказди. Ҳаётнинг ҳар синовини сабр ва меҳнат билан енгаверди. Ҳаммасига сабабчи деб эса ерини билади. 

“Агар яна қайта туғилганимда ҳеч иккиланмай фермер бўлардим. 40 ёшимдан бери фермерлик қиламан. Агар яна шу имкон берилганда куч-қувватим борида, яъни 25 ёшимдан бошлаган бўлар эдим”, дейди Ойимжон Мардиева

Қаҳрамонимиз ҳаётидаги 2017  йилни унутолмаслигини, 17 йиллик меҳнат 8 кунда ҳавога совурилганини, машина олиш, ҳажга бориш, уй қилиш ҳаммаси барбод бўлганини, "Буюк юрт қизи" деган номни ундан олиб қўйишмоқчи бўлганини айтди. Бу фермер хўжаликка, бу ерларга бутун ҳаётимни бағишладим. Ҳокимнинг олдида мендан бу номни олмайсиз деб тортишдим. Аммо қайсидир тадбирга борсам, мени фермер хўжалигимни бундай аташмасди. Шундан жуда хафа бўлиб, жаҳлим чиқар эди. Аламдан 5 йил ишладим. Ўзимга сўз бердим. Ҳаммасини тиклайман дедим, тикладим ҳам, - дея қайғули кунларини хотирлади.

Бахтни мана шу ерларида кўрадиган, кучни мана шу еридан оладиган Ойимжон Мардиевадек аёллар ҳақиқий ўзбек аёлига тимсол десак муболаға бўлмайди. Турмуш қийинчиликлари, 4 фарзанд тарбиясидан ортиб ер билан тиллаша олган бундай аёллар ҳақиқий қаҳрамондир.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
3
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар