Ҳокимлар 30 миллион сўм билан мукофотланаётган айни кунда оддий мактаб ўқитувчиларининг маоши мукофот пули билан қўшиб ҳисобланганда 3 миллион 25 минг сўмни ташкил қилади.
Далаларда ғўзапоялар қолиб кетаётганида аёлларни айблаб чиққан Сирдарё туман ҳокими Ботиржон Мирзақуловга Сирдарё вилоят ҳокими 30 миллион сўм мукофот пули ёзган.
Сирдарё вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи А.Маҳмудалиевнинг 2023 йил 28 февралда имзолаган 38-9-0 Ф/23 сонли фармойишига кўра, Сирдарё туман ҳокимига 30 миллион сўм мукофот, 26 нафар туман, шаҳар ҳокимлари ўринбосарларига эса тегишли иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида рағбатлаш чоралари кўрилиши қайд этилган.
Мукофотланган Ботиржон Мирзақулов яқинда мактаблар негизида ташкил этилган «Ҳаёт мактаби» лойиҳаси ҳақида тўхталиб, аёлларни нон ёпмаётганлигини таъкидлаб, мактабларда нон ёпишни ўргатиш кераклигини таклиф қилганди.
Ҳоким далаларда ғўзапоялар қолиб кетаётганлиги, бунга сабабчи эса аёлларнинг нон ёпмаслиги, дея нутқ сўзлаган:
-Ўша жойда мен тўртта аёлдан сўрадим, охирги марта қачон нон ёпдингиз десам, тўртта аёл ҳам 5-10 йил аввал нон ёпган экан... «Уже» нон ёпмайдиган бўлиб кетишибди. «Уже» у авлод нон пиширишни ўргатадиган авлод йўқолиб боряптида, камайиб боряпти. Далада ҳамма ғўзапоя қолиб кетдику бу йил, ҳамма нон сотиб олишга ўтдида, нон пиширадиган одамлар камайиб кетиб, далаларда ғўзапоялар ҳам қолиб кетяпти, - деган ҳоким.
Шунингдек, Ботиржон Мирзақулов эндиликда ўқувчи қизларга ҳафтада бир кун 5 соат нон пишириш ўргатилиш кераклигини таклиф қилган:
— Ўқувчи қизларимизни ҳафтада бир кун ҳаётга ўргатиш куни бўлади. Бир кун 5 соат нон пишириш ўргатилади, қандай қилиб ун, қандай қилиб сув қўшилади, қанча сут қўшилади, қандай қилиб тандирга ёпилади. Охирида шу синфда ўқиган 10 та қиз, ўзлари пиширган нонлардан уйига олиб кетади. Бир кун ош пишириш ўргатилади, бир кун қатлама, бир кун манти пиширишади. Пазандачилик ўргатилади, - деган Ботиржон Мирзақулов.