Бугун Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида судланувчи С. Раҳмонқуловнинг ҳимоячиси томонидан келтирилган апелляция шикояти асосида ушбу жиноят иши апелляция тартибида кўриб чиқилди. Ушбу иш жамоатчилик томонидан кенг муҳокама қилинаётган эди.
Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2023 йил 2 мартдаги ажримига мувофиқ биринчи инстанция судининг ҳукми ўзгартирилиб, С. Раҳмонқуловга тайинланган 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси Жиноят кодексининг 72-моддаси (шартли ҳукм қилиш) қўлланилган ҳолда шартлига ўзгартирилиб, 2 йил синов муддати белгиланди ва у суд залида қамоқдан озод қилинди.
Шунингдек, Жиноят кодексининг 62-моддаси (ушлаб туриш, қамоққа олиш ёки уй қамоғи вақтини ҳисобга олиш қоидалари) тартибида С. Раҳмонқуловнинг 7 ой 9 кун қамоқда сақланганлиги инобатга олиниб, асосий жазодан чегириб ташланди.
Олий суд бу қарор ҳақида хабар берар экан, судьялар мустақил, улар фақатгина қонунга бўйсунишларига урғу берган.
«Шу маънода жамоатчиликнинг кенг муҳокамаси эмас, балки амалдаги қонунчилигимизда назарда тутилган адолат ва шахсни ахлоқан қайта тарбиялаш сингари тамойилларга асосланган ҳолда суд шундай тўхтамга келганини таъкидлаш жоиз», дейилади хабарда.
Шунингдек, суд жиноят ишини атрофлича ўрганар экан, С. Рахмонқуловнинг ўз қилмишига иқрор ва пушаймонлиги, унга нисбатан енгиллик бериш ҳақидаги кафолат хатларини инобатга олган ҳолда ҳамда инсонпарварлик ва одиллик тамойилларига асосланиб қарор чиқаргани қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳар судида 2020 йилда Телеграм тармоғи орқали дўстига тарқатилиши тақиқланган нашида юборгани учун 5 йиллик озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилган Сардор Раҳмонқуловнинг аппеляция суди ўтган сафар тушлик вақтига тўғри келгани сабабли қолдирилган эди. Материал 2022 йил 5 июнда фуқаронинг уйида ИИБ ходимлари ўтказган тинтув пайтида аниқланган. Раҳмонқулов тергов вақтида 9 ой қамоқда ўтирган.
Маълумот учун: Сардор Рахмоныулов 2001 йил Тошкент шаҳрида туғилган, Тошкент давлат техника университети талабаси.
Рост24 мухбирлари ушбу суд жараёнида иштирок этиб кузатиб боришди.
Аввалроқ, сайтимизда судни ёритишда телефон камералардан фойдаланишга йўл қўйилмагани танқид остига олинган эди.