Тошкент шаҳар судида журналистлар яна ўзига хос цензурага учради

23.02.2023 23:26

Тошкент шаҳар суди судьяси Зоир Камалов суд давомида журналистларга телефондан камера ва диктофон сифатида фойдаланишни тақиқлади. Судда қатнашувчилар кўп бўлгани сабабли жараённи кичик хонадан кўчириш сўралди. Лекин, бу сўровга қарамай судни катта залда ўтказилишини таъминлаб берилмади.

Бугун Тошкент шаҳар судида бир неча ойдан бери ижтимоий тармоқларда шов-шувларга сабаб бўлаётган Сардор Раҳмонқуловнинг аппеляция суди кўриб чиқилиши кутилган эди. Соат 12:00 га белгиланган аппеляция суди кечикиб бошланди. Кейин эса тушлик баҳонаси билан суд 2 март санасига қолдирилди.

Тошкент шаҳар судида Сардор Раҳмонқуловга нисбатан бўлган жиноят иши кўрилишида раислик этувчи судья Зоир Камалов адвокат илтимосини инобатга олган ҳолда суд оммавий ахборот воситалари томонидан ёритилишига рухсат берди. Бироқ, суд ёритилишини таъминлаган судья Зоир Камалов журналистларга ўзига хос цензура қўйди. У журналистлар фақатгина камера ва диктофондан фойдаланишларига рухсат берилишини билдирди. Телефон камераси орқали жараённи видеога олишни ва телефон аудиоёзувини ҳам тақиқлади. Бир неча йилдан бери оммавий ахборот воситаларида мобил журналистика йўналиши ривожланиб келмоқда. Бугунги кунда журналистлар мобил телефонидан аудио ва видеоёзувлар учун ҳам фойдаланадилар. Яъни мобил телефон журналистлар учун аллақачон камера ва диктофон ўрнини эгаллаб улгурган. 

Шу ўринда судья Зоир Камаловнинг журналистларнинг қайси техникадан қандай фойдаланишларига аралашиши қанчалик адолатли?
Тошкент шаҳар суди бундан аввал ҳам журналистлар фаолиятини чеклашга оид бир қанча янгиликлар киритган эди. Жумладан, Тошкент шаҳар судида очиқ суд мажлисига ташриф буюрган журналистлардан «тилхат» олиш тажрибаси қўлланилган эди.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳар судида 2020 йилда Телеграм тармоғи орқали дўстига тарқатилиши тақиқланган нашида юборгани учун 5 йиллик озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилган Сардор Раҳмонқуловнинг аппеляция суди кўриб чиқилиши бошланди. Материал 2022 йил 5 июнда фуқаронинг уйида ИИБ ходимлари ўтказган тинтув пайтида аниқланган. Тергов вақтида 6 ойдан кўпроқ қамоқда ўтирган Раҳмонқуловга 30 январда суд ҳукми ўқилди. Сардор Раҳмонқулов жиноят кодексининг 244/1-модда 3-қисми г-банди (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) бўйича айбдор деб топилган. 

Аввалроқ, Ёшлар ишлари агентлиги директори, сенатор Алишер Саъдуллаев ҳолатни ўрганиб, унга ёрдам беришини билдирганди.


 

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
10
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар