Гулистон ҳокимлиги 33 та судда ютқазиб, солиқ тўловчилар ҳисобидан 87 млн сўм тўлов қилди

27.02.2023 15:31

Гулистон тумани ҳокимлиги 2 ойда 33 та судда ютқазиб, солиқ тўловчиларнинг 87 миллион сўмини сарфлаган.

Бюджет маблағини суд тўловларига сарфлаган ҳокимлик фуқароларни ҳам судда сарсон бўлишига сабабчи бўлган. 

Сирдарё вилояти Гулистон тумани ҳокими бугун – 27 февраль куни 46-9-124-Ф/23 сонли фармойиш чиқарди.
 

Фармойишга кўра, туман маҳаллий бюджетининг захира маблағлари ҳисобидан ҳокимликка 97 миллион сўм пул ажратилган. 

Мазкур харажат суд қарори асосида ҳокимликнинг кредитор қарздорлигини қоплашга 87 миллион сўм ва туман ҳокимлигининг хизмат автомашиналарини жорий таъмирлаш учун 10 миллион сўм, деб белгиланган.

Ҳокимлик бош ҳисобчисига кўра, 87 миллион сўм маблағни ҳокимлик фуқаролар билан бўлган судларида ютқазганлиги учун ажратган. Яъни бу харажат – суд харажатларини тўлаш учун давлат божи.

Маълум қилинишича, 2022 йил декабрь ва 2023 йилнинг январь ойларида ҳокимлик ва фуқаролар ўртасида ер билан боғлиқ жами 33 та судда ҳокимлик ютқазган.

– Захирадаги ерларни давлат муҳофазасига олиш учун ер эгаларини судга берганмиз, баъзи фуқаролар ери "снос"га тушагани бўйича судга берган, жами 33 та суд учун 87 миллион сўмлик давлат божи қарздорлигини тўлаяпти ҳокимлик. Бунда ҳар бир суд учун 3 миллион сўмдан тўғри келади, - дейди ҳисобчи.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
4
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар