Демократик давлатлар рейтингида Финландия 100 балдан 100 балл билан эркин бўлган давлатлар қаторида, Ўзбекистон эса 100 балдан 11 балл билан эркин бўлмаган давлатлар қаторида турибди. Бунда бизга Финладия тажрибаси қанчалик мос келади?
Rost24.uz мухбири ушбу мавзуда “Адабиёт” дарсликлари муаллифи Комил Жалилов билан суҳбатлашди.
Финландия тажрибаси фақат дарсликларни олиб кириш билан чекланса, бу тажриба бўладими?
Дарсликлар тажриба бўла олмайди. Айниқса, Финландия тажрибасида, чунки бу тажрибада ўқитувчилар автономияси устунроқ туради. Нега айнан Финландия тажрибаси деганда эса, Финландия 2000 йилларда Писа ва Пирлс тестлари сабаб "Бум" бўлган эди. Аслида бутун дунёда дарслик чиқариш бизнес. Яъни, бир нечта нашриётлар бу борада беллашади. Финландияда ҳам худди шундай. Нашриётлар бир хил мавзулаштирилган дарсликларни чиқаради. Ота-оналар эса сотиб олади. Сотиб олишнинг сабаби эса, фарзанди бемалол чизиб, хоҳлаганича шу китобдан фойдалансин деган мақсад бўлади.
Бундан ташқари, Финландиядаги мактабларда ўқитувчилар автономияси кучли. Яъни улар мустақил. Уларга бугун бу мавзуни ўтасан, эртага эса бу мавзу, дейилмайди. Уларда ҳам тасдиқланган миллий ўқув дастури бор, лекин ўқитувчилар кўпроқ синфнинг эҳтиёжидан келиб чиқиб иш қилади. Парламент томонидан сайланган вазир шу соҳанинг эгаси ҳисобланади. У ўша соҳага жавобгар ҳисобланади. Ўзбекистондаги каби унинг ишини Парламент, Бош вазир ўринбосарлари институти, ундан тепада эса Президент Администрацияси назорат қилмайди. Вазирнинг ишини фақат қонунлар назорат қилади. Бизда ўша эркинлик қанчалик ҳисобга олинган? Биз қанчалик ўша эркинликни бера оламиз?
2022 йилнинг декабрь ойида давлат раҳбарига янги намунадаги дарсликлар тақдим қилинди. Дарсликларни Ягона тест маркази раҳбари Юлия Рисакова тақдим этди.
Юлия Рисакова томонидан тақдим қилган дарсликлар қайси стандартлар асосида тайёрланган? Уларда фин тажрибаси қанчалик ҳисобга олинган? Буниси ҳали номаълум.