2010 йилда ҳам мамлакатнинг Мозори Шарифда Навоий ёдгорлиги бузиб ташланган.
ТИВ масъули узоқ сукутдан сўнг воқеага муносабат билдирмоқда.
Бир неча кун аввал «Толибон» ҳаракати Афғонистоннинг Балх вилоятида жойлашган Алишер Навоий ёдгорлигини бузиб ташлагани ҳақида хабар берилганди. Мазкур вандализм 9 февралга яқин, шарқнинг буюк шоири, ўзбек адабий тилининг асосчиси Алишер Навойининг туғилган куни арафасида амалга оширилди.
Аммо, бу Афғонистонда Алишер Навоийнинг ёдгорлигини таҳқирлаш бўйича биринчи ҳолат эмас, 2010 йилда ҳам мамлакатнинг Мозори Шариф шаҳрида Наврўз байрамига яқин Навоий ёдгорлиги бузиб ташланган.
Сўнги кунларда Балхдаги ҳодиса ўзбек жамоатчилигининг кескин муҳокамасига сабаб бўлмоқда. Ваниҳоят бир муддат сукутдан сўнг, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби ўзининг твиттердаги саҳифасида ҳолатга муносабат билдирди.
ТИВ расмийсининг айтишича, ушбу масала юзасидан Афғонистон ҳукумати вакиллари билан боғланилган.
– Ушбу масала юзасидан Афғонистон ҳукумати вакиллари билан боғландик. Уларнинг таъкидлашича, ушбу вандализм ҳолати қардош Ўзбекистон билан кўп асрлик дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш тарафдори бўлган ҳукумат расмий сиёсатини акс эттирмайди, номаълум шахсларнинг ўзбошимчалик ва ўйламасдан қилган ҳаракати натижаси бўлиб, умумий тарихий ва маданий меросимизга зарар етказади, - деб ёзган ТИВ матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов.
Сўнгги вақтларда «Толибон» Афғонистонда пуштунлаштириш сиёсатини олиб бермоқда. Шимолдаги ўзбекларни ҳам ассимиляция қилишга кенг ҳаракатлар бошланган. Масалан, ўзбек тили расмий тил мақомидан олиниши ва ҳакоза.