ИИВ ҳамон блокланмаётган онлайн нарко-савдо каналлари бўйича изоҳ берди

14.02.2023 14:46

"Отвызы Тесла" канали таркибидаги яна бир нечта канал Ўзбекистонда гиёҳвандлик моддаларини онлайн пуллаш билан шуғулланмоқда.

Охирги кунларда ўзбек жамоатчилиги "Тесла" сўзини тез-тез тилга оладиган бўлиб қолди.

Яқинда ўзини "Наказание Тесла" деб номлаган гуруҳ ёшларни "самосуд" қилиб, уни тармоққа жойлаб боргани ҳақида хабарлар тарқаган ва гуруҳнинг айрим аъзолари қўлга олингани хабар қилинганди.

Аммо "самосуд", дея урғу берилаётган мазкур жиноятчиликнинг "илдизи" янада жиддийроқ ва хавфлироқ бошқа жиноятга етаклайди.

Маълум бўлишича, "Тесла" номидаги калит сўз билан иш тутувчи мазкур тўда тармоқларда онлайн нарко-савдо билан фаолият юритади.

"Telegram" мессенжерида очилган яна бир –  "Отзывы Тесла" канали Ўзбекистонда гиёҳвандлик моддаларини онлайн пуллаш билан шуғулланиб келмоқда. Кеча – 13 февраль куни ҳам мазкур каналга хабар жойлаштирилган бўлиб, канал ҳамон фаолият юритмоқда.

Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов канал шу бугунгача блокланмаётгани бўйича қуйидагича изоҳ берди:

— Тезкор қидирув тадбирлари амалга ошириляпти. Тегишли музокаралар натижасида барчаси блокланади. Афсуски, кўп диллерлар ўз фаолиятини чет элда бўла туриб, амалга оширади. Блокланган аккаунт ўрнига бошқасини очиши кузатилади. Шахси аниқланганлар қидирувга берилади, – дейди у.

Шунингдек, Ш.Ғиёсовнинг маълумот беришича, бугунгача наркотик ва кучли таъсир қилувчи моддаларни ноқонуний айланмасини тарғиб қилувчи 1311 та ижтимоий тармоқлардаги аккаунт блокланган.

— Аниқланган ҳолатлар юзасидан суриштирув ўтказилиб, тегишли тезкор тадбирлар амалга оширилади. Тақиқланган моддаларни тарғиб қилувчи гуруҳлар ёки каналларни блоклаш бўйича ижтимоий тармоқ масъулларига асосланган таклифлар киритилади. 2022 йилда умумий 8300 дан зиёд наркотик ва кучли таъсир қилувчи моддалар айланмаси билан боғлиқ жиноий ҳолат аниқланган. 6100 дан ошиқ фуқаро жиноий ва 1400 таси маъмурий жавобгарликка тортилган.

Ички ишлар органлари томонидан 2 тонна 31 кг.дан кўп наркотик моддалар ноқонуний муомаладан олинган, – дейди Ғиёсов.

Мафтуна Каримова тайёрлади.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
4
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар