Амирилло Иноятов 100 минг сўмлик сомса ва 75 минг сўмлик сузмага кўз юмган агентликни гапиртирди
Ҳукуматнинг юқори даражадаги раҳбарларидан - ССВ вазири Амирилло Иноятовнинг шифокорлар маоши бўйича «жайдарича» ечими эътирозларга сабаб бўлмоқда.
«Беморни меҳр билан даволаб, тўғри ёндашса, сўрамаса ҳам ўзи рози бўлиб, баракасини бериб кетади», деган вазир.
Шунингдек, у маошлар тўғрисида гапираётиб, «Гар қаноат бир-ла бўлсанг барқарор, дунёда ҳеч бўлмагайсан хору зор», дея шеър ҳам ўқиган.
Вазирнинг мазкур фикрига узоқ вақтдан буён сукут сақлаётган Коррупцияга қарши курашиш агентлиги муносабат билдирди. 100 минг сўмлик сомса ва 75 минг сўмлик сузма масаласига кўз юмган агентлик муносабатида жумладан, қуйидагилар қайд этилган:
«Мазкур таклиф тизимда коррупциявий жиноятлар сонининг ортишига ҳамда шифокор касби мавқеининг пасайишига, соғлиқни сақлаш тизимига халқнинг ишончи камайишига сабаб бўлади, дейилади агентлик хабарида.
Маълумот учун, шифокорлик юқори талабга эга касблардан саналгани учун жаҳонда соғлиқни сақлаш соҳасини давлат томонидан молиялаштириш муҳим роль ўйнайди. Масалан, АҚШда тиббиётга сарфланадиган харажатлар мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 16-17 фоизини, Россияда 6-7 фоизни, Хитой, Ҳиндистон каби давлатлар эса 6 фоизидан кўпини ташкил қилади. Ўзбекистонда келадиган бўлсак, 2022 йилнинг ўзида соҳага бюджетдан 24 триллион сўм йўналтирилган бўлиб, 2022 йилда мамлакатимиз Ялпи ички маҳсулоти 888,34 трлн сўмни (80,4 млрд долларга яқин) ташкил этди.
Шунингдек, ўтган беш йилда соғлиқни сақлаш тизимини яхшилаш учун халқаро молия ташкилотларидан 700 миллион доллардан зиёд маблағлар жалб қилинган. Ўтган йили маҳсус ҳужжат билан 2022 йил 1 июндан соғлиқни сақлаш тизими ходимларининг маошини малака тоифасига қараб қўшимча 15 фоизгача оширилганига қарамай ҳамон бу соҳадагилар маоши энг кам ойликлардан бири сифатида қолмоқда.
Дунёда шифокорларга маош тўлашда умумий манзара қуйидагича: камбағал мамлакатларда шифокорлар жуда кам, гуллаб- яшнаётган давлатларда эса энг юқори маошни олишади.
UMedicine.ru маълумотларига кўра, Ўзбекистон жаҳонда шифокорларга ҳақ тўлашда энг қуйи поғоналарда турадиган мамлакатлардан саналади.
Статистика агентлигининг 2022 йил октябрда эълон қилинган маълумотида Ўзбекистонда энг кам даромад соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар (2,51 млн сўм) ва таълим (2,59 млн сўм) соҳаларида қайд этилган.