Хотин-қизларга минглаб иш жойлари яратилмоқда. Ишсизлик даражаси нега камаймаяпти?

05.02.2023 13:37

“Аёллар дафтар”и хотин-қизлар шароитини яхшиламаяптими?

Аёллар ҳуқуқлари кўп гапирилади аммо бу муаммолар остида асосан иқтисодий танглик ётади яъни етишмовчилик. Мамлакатда  аёлларнинг иқтисодий ҳолати яхши бўлмас экан, муаммолар кўпаяверади. 

 Аёллар ишлашни истамайдими ёки шароит шуни тақозо этмоқдами?

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти экспертлари томонидан  ўзбек аёлларининг мартабага эришиш имкониятларини юзасидан қилинган таҳлилга  кўра, 2021 йилда аёллар ўртасидаги ишсизлик даражаси 13,3 фоизни (таққослаш учун — дунё бўйича 6,1%) ташкил этди. Бу эркаклар ўртасидаги ишсизлик даражасидан икки баравар юқори. Ишсиз аёлларнинг асосий қисмини ўрта махсус (65,8 фоиз) ва ўрта (28,5 фоиз) маълумотга эга, шунингдек, қисман олий маълумотли хотин-қизлар (3,4%) ташкил этади. Ишсиз аёлларнинг 44 фоиздан ортиғи 15−30 ёш оралиғида. Хотин-қизлар ўртасида ишсизликнинг энг юқори кўрсаткичи Қашқадарё (15,5 фоиз), Сурхондарё (15,0 фоиз) ва Сирдарё (4,7%) вилоятларида кузатилмоқда.

Кўп аёллар бола парвариши ва уй ишлари билан боғлиқ ҳолда уйда ўтиришга қарор қилади. Бу эса касбий маҳоратнинг йўқолишига олиб келади. 2021 йилда мактабгача таълим билан қамраб олинган 3−6 ёшли болалар улуши 62 фоизни ташкил этган бўлса, 1−6 ёшли болалар орасида бу кўрсаткич 30 фоизга ҳам етмаган, яъни, болаларнинг тахминан 40−70 фоизи уйда оналари томонидан тарбияланади

 

                 Масъуллар боқимандалик кайфияти кўпайган демоқда

Ишсизликни бартараф этиш учун ҳар йили минглаб иш ўринлари яратилаётгани ҳақида ҳисоботлар берилади, турли дафтарлар, имтиёзли кредитлар ҳам негадир умумий ҳолатни яхшиланишига таъсир кўрсатмаётгандек. 

Масъуллар эса, бу ҳолатни изоҳлаш учун аёлларни ўзини кўпроқ айбдорлигига, аниқроқ айтганда боқимандалик кайфияти устунлигига урғу беришади. Халқаро пресс клубнинг навбатдаги сессияси давомида шундай ҳолатни кузатган Рост24 мухбири масъулларга савол билан юзланди. 

- Сиз аёллардаги боқимандалик кайфиятини йўқотиш керак дедингиз, лекин иш ўринлари кам ва бозорда ёлланма меҳнат қилаётган аёлларни кўришимиз мумкин. Бу ҳолатларга қандай муносабат билдирасиз?

Мухбирнинг ушбу мазмундаги саволига Оила ва хотин қизлар илмий тадқиқот институти директори, профессор Нодира Эгамбердиева, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда иш берувчи ташкилотлар билан бирга мардикор бозорга борганлигини, бўш иш ўринлари ҳақида маълумот бериб келганлигини айтиб ўтди. Мавжуд иш ўринларини мардикор бозорларда ёлланма ишчи бўлиб ишлаётган аёллар ва эркаклар билан солиштириб кўрса, иш ўринлари нисбатан кўпроқ эканлигини ҳам таъкидлади.

Сенатор Гулнора Маруфова эса, аёлларнинг уйда ўтириб ҳам субсидия асосида фаолият юритаётганини, уларга меҳнат дафтарчаси ҳам юритилиб келинаётганини айтди. Бундан ташқари аёллар шароитини яхшилаш учун «Аёллар дафтари» ҳам йўлга қўйилган, ушбу дафтар доирасида мардикорлик марказларида касбга ўқитиш ҳам йўлга қўйилган», деб жавоб берди.

Шунингдек, сенатор аёллар ўз меҳнатини қадрига етмаётганини ҳам айтиб ўтди.

                 “Камбағаллик зўравонликка асос эмас”

Одатда оиладаги зўравонлик ҳолатларини камбағаллик, рўзғордаги етишмовчилик билан боғлашади. Зўравонлик такрорланмаслиги масаласини эса номига бўлсада бандликни таъминлаш билан ҳал этилади. Лекин, бу ҳар доим ҳам ечим бўла олмаяпти. 

БМТ Тараққиёт дастурининг Гендер масалалари бўйича мутахассиси Муҳаббат Туркменова фикрича, камбағаллик зўравонликка асос эмас. Зўравонликнинг тагида турадиган нарса камбағаллик эмас, балки кимдир кимдандир устун бўлишга ҳаракат қилишидир. Аёлларнинг ишини формал секторга ўтказиш керак. Бу ерда қонунчилик яхши ишлайди, ижтимоий ҳимоя бор. Одамларни формал секторга ўтказиш учун парламент ҳам, халқаро меҳнат ташкилоти ҳам шуғулланаётганини айтди.

 Аёлларнинг иқтисодий фаоллиги эркакларникига нисбатан паст. Нимага?

Берилган жавоблардан тайёр иш ўрни бору аммо ҳеч ким бормаётгандек тасаввурга эга бўласиз. 

Рақамлар ва таҳлиллар эса аёлларнинг фаоллигига таъсир кўрсатувчи қатор омиллар борлигини исботламоқда.   

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти экспертлари таҳлилида кўрсатилишича, Ўзбекистон хотин-қизларининг иқтисодий фаоллиги пастлиги, аввало уларнинг уй-рўзғор ишлари ва бола парвариши билан тўлиқ банд эканлиги билан боғлиқ. Ўзбекистон аёллари вақтининг 22 фоизини уй юмушлари ва бола парваришига сарфлайди. Бу иш ҳақи тўланмайди меҳнат ҳисобланади, эркаклар эса вақтининг 9% ини уй юмушларига сарфлайди. Уй ишлари билан боғлиқ катта масъулият ўзбек аёлларининг мансаб пиллапояларидан юқори кўтарилишига тўсқинлик қилади.

Бутун дунёда бўлгани каби, Ўзбекистонда ҳам аёлларнинг иқтисодий фаоллиги эркакларникига нисбатан паст. 2021 йил якунларига кўра, бу кўрсаткич аёллар орасида 41,3 фоизни, эркаклар орасида эса 56,9 фоизни ташкил этди. Ўзбекистон аёлларининг меҳнат бозоридаги иқтисодий фаоллиги 30 ёшдан бошланади. Сабаби, ўртача 22,3 ёшида турмуш қуради ва ундан кейин камида 2 йилни туғруқ таътилида ўтказади. Ундан сўнг меҳнат бозорига қайтади, лекин қисқа вақтдан кейин уларнинг такрорий туғруқ таътилига чиқиш эҳтимоли юқори. Бу эса иш берувчилар орасида аёлларнинг потенциал ходим сифатида жозибадорлигини пасайтиради.

Шунингдек, ушбу таҳлилда аёллар кўпроқ барқарор иш ўринлари ва қулай шароитларни таклиф қиладиган давлат секторида ишлаши ёзилган. Аёллар бандлигининг тармоқ тузилмаси шу билан характерланадики, улар асосан иш ҳақи паст ва иш вақти қисқароқ соҳаларда ишлайди. Булар таълим, соғлиқни сақлаш каби тармоқлар ва умуман, ижтимоий соҳа. Эркаклар ва аёлларнинг иш ҳақи ўртасидаги тафовут сабаби ҳам айнан мана шу билан боғлиқ.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
1
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар