12 ёшида турмушга чиққан қиз, 14 ёшда оила аъзоларини барчасини қабрга қўйган бола ҳикояси (+аудио)

24.01.2021 11:48

Ислом давлати лагерларида ўзбекистонликлар ҳаёти қандай бўлган эди?

Ўзбекистон ўтган икки йилда Ислом давлати лагерларидан 244 нафар бола ва 73 нафар аёлларни, жами 317 нафар ҳамюртларимизни ортга қайтарди. Террорчилар назорати остидаги ҳаёт қандай бўлган? Бу ҳақида Яқин Шарқдаги ихтилофлар ҳудудида бўлганларнинг ўзлари Rost24 мухбирига сўзлаб беришди.                   

                                 Ислом динида ўгай қизга кўз олайтириш борми?

Ойна олдида бир аёл ўйчан нигоҳ билан сиҳатгоҳ айвонида қийқиришиб ўйнаётган болалар томонга қарайди. Мен яқинлашар эканман суҳбат қилишни истамай орқага тисарилди.

  • Қўрқманг фақат суҳбатлашамиз, овозингизни ёзмайман, суратга ҳам олмайман... Болалар орасида фарзандингиз борми?
  • ...йўқ
  • Ҳа турмушга чиқмаган экансизда, бу ердаги аёлларнинг тақдири анча аянчли экан...
  • Сиз қаердан биласиз балки меники уларникидан аянчлироқдир... Лекин, ҳаммасига ўзим айбдорман...алдовларга ишонмаслигим керак эди. Сен Исломга ҳизмат қиласан дейишганди.
  • Исмингизни ҳам ўзгартириб бераман...

Шундан сўнг орамизда ишонч пайдо бўлдими Робия ўз ҳикоясини айтиб берди. 

  • “Мен 18 ёшимда ўзим туғилиб ўсган Наманганда турмушга чиқдим. Эрим 2010 йилда даромад топиш мақсадида Россия Федерациясига кетди. У ерда бирга яшайдиган қишлоқдошларимиз билан бирга тургани учун мени олиб кетмадилар, лекин исломий китоблар жўнатардилар, диний сайтларга ҳаволалар берардилар мен интернетдан ўқирдим. Уларда асосан мени эрга итоат қилишим ва жиҳодга кўмаклашсам жаннатга тушишим ҳақида гаплар бўларди. Орадан икки йилча ўтгач мен ҳам турмуш ўртоғимнинг ёнига бордим. Кейинроқ фарзандларимизни ҳам олиб кетдик. Мен у ғоялар тўғрилигига ишонардим. У ерда бирга бир йилча яшаганимиздан сўнг мени Покистонга жўнатдилар, болалар исломни ўрганади дедилар. Диний тарбия оларкан деб хурсанд бўлдим ва ўз ихтиёрим билан кетдим. Пушаймонман. Ҳали ҳам кечиришди, мен кечиришмаса керак деб ўйлагандим. Инсонпарварлик, бағрикенглик аслида ўзимизда экан. Агар 10 йил ортга қайтганда эди, ҳеч қачон бормаган бўлардим у жаҳаннамга”.
  • Бир ўзингиз кетгандингизми Покистонга? Исломий эркаклар аёлларни эрларисиз бир ўзини жўнатишмасди-ку.
  • Ҳа, лекин биродарларимиз бор, деб мени жўнатдилар. У ерда мени кутиб олишди, лекин болаларимга исломий таълим берганимиз йўқ. Эрингни ёнига борасан, деб Сурияга жўнатишди. У ерда эрим йўқ эди. Қизим 9 ёшда, ўғлим 5 да. Бир ойча Ал-Ҳолдаги лагерда яшадик. Кейин мени бошқа одамга турмушга беришди. Ёшлигимдан арабча ўрганганим сабабли мен ўз ҳаққимни сўрай олдим ва турмушга чиқишга қаршилик қилдим, иддам тугамаганини айтдим. Лекин, ҳеч кимга бу қизиқ эмасди. У ўлгандан кейин яна бошқасига эрга беришди. Мендан ризолик сўрашмади ҳам. Бир кун мен турмушга чиққан эркак қизим балоғатга етган-етмаганини сўради. Тушунмадим. Ҳали 10 га тўлмаган дедим. Лекин, у суқланиб қарашда давом этди. Қўрқиб кеттим. У кетганда қизимни ўзбекистонлик танишларимнинг уйига олиб бораман, деб кийимларини олиб уйдан чиқаётганимизда у қайтиб келиб қолди ва қизимни қўлимдан юлиб олиб кетди. Кейин униям қизимниям кўрмадим...
  • Ислом давлатини номида Ислом-ку,... Ҳаёт шариат қоидалари асосидамасмиди?
  • Қўйсангиз-чи қанақа Ислом? Ўшанда кетмаслигим керак эди. Бу ердагилар шаҳид бўлади, деб алдашади. Сиз шу гап учун ҳамма нарсага кўнишингиз учун анча тайёрлашади. Бошида оддий ҳамма ишонадиган қоидалардан бошланади. Кейин эса сиз нима бўлаётганини тушунмайсиз ҳам. Лекин аслида, бу ҳеч қандай жиҳод эмас. Ҳаммаси уларнинг ихтиёрида. Улар наша ҳам чекиши мумкин, ичиши ҳам мумкин, истаганини ўлдириши мумкин. Фақат жангарилар, оддий ожизалар эса умуман ҳеч нарсага арзимайди. Хотинларни бировдан олиб бировга бериш ҳам уларнинг ихтиёрида. Фақат нафсни қондирса бўлди. Кичкина ўғил болаларни нега олиб чиқиб кетади катта жангарилар, хўш?? Исломда ўгай қизга кўз олайтириш борми? Мусулмон биродарни ўлдириш борми? Гўдакни ўлдириш, зўрлаш борми…

 

Суҳбатимиз шу ерда тугади. Аёл йиғлаганча отлиб ёнимдан кетиб қолди. Кейин ҳамроҳларидан суриштирсак, у Сурияда икки фарзандидан ҳам айрилган экан.

Тадқиқотларга қараганда “жиҳодчи” гуруҳлар ўз сафига янги шахсларни жалб этишда махсус ёлланган гуруҳларнинг тарғиботчилари орқали кўп вақтини интернетда ўтказувчи, вақтинча ишсиз, хорижда пул топиш илинжида юрган ва ижтимоий ҳолатдан норози шахсларни ўз сафларига қўшиш мақсадида улар билан гўёки “мусулмонларнинг азобланаётгани” суҳбатлар олиб борадилар.

Сўнгра ислом оламидаги “муаммолар” санаб ўтилиб, айбдорлар сифатида дунёвий давлат ва жамият кўрсатилади. Бундан кейин эса барча муаммоларнинг “ечими” сифатида “кофирларга” қарши “жиҳод” қилиш таклиф этилади. Бунинг учун авваламбор “ҳижрат” қилиш лозимлиги уқтирилади. Жаҳон ОАВларидаги интервьюларни кузатганингизда эса Сурияда бўлиб, жангарилар сафидан қутула олганларнинг аксарияти бу ҳудудда исломий анъаналар амал қилмаслигини ва фақат манфаатлар устуворлигини айтиб беришган.

Орзу нима дегани?

Абдураззоқ 14 ёшда. Ҳали бола бўлса-да, катталар кўрмаган фожиага гувоҳ бўлган. У ота-онасининг хатолари туфайли оила аъзолари билан уруш ўчоқларига келиб қолгандан сўнг маълум вақт ўтиб, отаси, онаси, акаси-синглисини ўз қўли билан қабрга қўйишга улгурган. Нигоҳи тубида ана шу фожиа ҳамон из қолдириб турган бу болакай кичик жуссасига аллақачон катталикнинг залворларини илиб олган. У Суриядаги кунларини шундай эслайди:

  • Сурияда жангарилар назоратида катта қамоқхона бор.  Ҳамма нарса ичкарида. Фақат икки хил овқат еймиз. Баъзида болаларни жангарилар олиб чиқиб кетишади, қийнашади. Онам ва синглим тиш шифокорига чиқаман деб уйдан чиқишганди... бироқ қайтиб келмади. Кейин билсак ўлдирилган. Кейин дадам уйланди. Отам ҳозир чиқиб қайтаман деди-ю, жангарилар томонидан олиб борилаётган уруш туфайли ҳалок бўлди. Кейинчалик акам ҳам нотўғри мақсади ва жангариларни алдовлари туфайли ўлдирилди. Кейин ўгай онам қўлида қолдим. Шакар беринг, десам бермасди, ўз болаларини ёнини олиб мени урарди...Кейин уйдан чиқариб юборди.  Умбар холаникига кетдим. Улар менга Ўзбекистонга қайтишимизни айтди, мен хурсанд бўлдим. Ҳеч қачон у ёққа қайтиб бормасликни хоҳлайман.
  • Орзуларингиз борми?
  • Орзу у нима дегани...

“Сурия инсон ҳуқуқлари тармоғи” (SNHR) ташкилоти маълумотига кўра, 2011 йилнинг мартидан 2020 йил июнгача Сурияда 29 296 нафар бола ҳалок бўлди, яраланди ёки ногирон бўлиб қолди. 

                               “Ҳеч кимга бу ҳаётни раво кўрмайман”

Асия ерга қараганча камералар объективидан қочишга ҳаракат қилади. Ўзини 20 ёшдалигини айтаётган бу аёл икки фарзанднинг онаси. Ҳаммаси болалигида бошланганини, унинг ихтиёри ҳеч қачон ўзида бўлмаганини алоҳида қайд этган Асия ҳали қўғирчоқ ўйнаш ёшида фарзандли бўлган. Бизнинг саволларимизга бироз маҳзунлик, бироз ҳадик билан жавоб берар экан, ажиб табассум билан дардини яширишга ҳаракат қилади. Ҳозир сал ачиниш билдирсангиз йиғлаши тайин, лекин ўзида жилмайиш учун куч топади... У болалигида бундай ҳаётни орзу қилмаганини агар, ҳаёт қайтадан бошланганида, ота-онасидан фақат бир нарсани, ўша сафарга чиқмасликни сўраган бўлишини айтади. 

  • Қизиқишларим ҳаммаси ўлиб кетган. Катталардек, ҳаёт кечирардик. Ёш болалигимми билмайман унча тушунмасдим нималар бўлаётганини.  Ал-холда лагерга тушдик, ҳомиладор эдим. Болаларим билан ёмғирларда кўчада ётганман. 3-4 кунлаб овқат емаган куним бўлганди. Турмуш ўртоғим жангда ҳалок бўлганди. Нима қилишни билмасдим. Болаларим келажаги учун қўрқувда эдим. Ўзбекистон томонидан амалга оширилаётган ушбу инсонпарварлик операциясини эшитиб жуда хурсанд бўлдим. Ислом давлати жангарилари қўлидан чиқиб кета олмасам керак деб ўйлагандим. Онам кўп маротаба бу жаҳаннамдан қочиб кетишга ҳаракат қилганлар, лекин бунга эриша олмай оламдан ўтди. Мен учун ҳаётимдаги энг бахтли кун ватанимга қайтиш бўлди. Сал эшиклар қаттиқроқ ёпилса фарзандларим ҳалигача қўрқишади, худди нимадир бўладигандек, чўчиб уйғонишади.  Менинг орзуим тинч ҳаёт эди, унга эришдим. Жуда хурсандман.

 

Асиядан келажак режалари ҳақида сўраганимизда, ўз келажагини фарзандлари билан боғлашини агар имкон бўлса, албатта, ўқишга киришни истаётганини айтди. 

Шуни айтиш лозимки, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан йўлга қўйилган “Меҳр” операциялари фақат уруш ҳудудидан фуқароларимизни қайтариб олиб келиш эмас, балки уларни жамиятга мослашувини ҳам назарда тутувчи махсус дастурларга эга. Алдов оқибатида ўзга юртга бориб қолиб, оғир ҳаётий даврни бошидан ўтказган бу инсонларга ҳукумат томонидан тиббий, психологик, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилади. Уларнинг тинч ҳаётга қайтиб, жамиятга мослашишлари, таълим ва ижтимоий дастурларда иштирок этишлари учун зарур шароит яратилади, бошпана ва иш билан таъминлаш чоралари кўрилади. 

«Меҳр» операцияси биринчи марта 2019 йил 30 майида ўтказилган, унда 107 нафар бола ва 48 нафар аёл Суриядан ватанга қайтарилган эди. Ўша йили 10 октябрда эса 64 нафар бола Ироқдан олиб келинди. 2020 йил 8 декабрь куни "Меҳр" операциясининг навбатдаги босқичи амалга оширилди.Суриянинг жанговар ҳаракатлари олиб борилаётган ҳудудларидан 98 нафар Ўзбекистон фуқароси, яъни 25 нафар аёллар ва 73 нафар болалар Ватанга қайтарилди. Бегуноҳ болаларнинг 14 нафари чин етимлардир.

Бундай амалиёт яна қаерларда амалга оширилган? Халқаро экспертлар бу ҳақида қандай фикрда?

Бу амалиёт дунёнинг бошқа давлатларида ҳам жорий этилган. Хорижий жангари-террористлар билан алоқадор ҳамда терроризм қурбонлари бўлиши мумкин бўлган аёллар ва болаларга ёрдам кўрсатиш муҳимлиги БМТ Хавфсизлик кенгашининг 2396-резолюцияси билан тасдиқланган.

БМТ маълумотларига кўра, "Ал-Хол" ва "Рож" лагерларида 60 мингдан ортиқ маҳаллий террорчилар ва чет эллик жангарилар, шунингдек, 10 мингдан ортиқ аёллар ва болалар (уларнинг аксарияти 12 ёшгача) бор. Аёллар ва болалар турли сабабларга кўра, террорчилар ёнида бўлиб қолишган, уларга турмушга чиқиб, фарзандларни дунёга келтиришган.

БМТ ваколатли экспертлари фикрига кўра, Ўзбекистон ўз фуқароларини биринчи навбатда, аёллар ва болаларни ҳарбий можаролар зоналаридан билан шуғулланадиган дунёдаги кам сонли давлатлардан биридир. “Шу билан бирга, Тошкент ҳар бир БМТга аъзо давлат ўз фуқароларининг тақдири учун қаерда бўлишидан қатъи назар, жавобгар эканлигини амалда намойиш этади. Республика тажрибаси кўплаб бошқа мамлакатлар учун яхши ўрнак намунасидир”, дейилади БМТ вакиллари баёнотида.

                                                             

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
9
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
25.01.2021 14:49
Улиб кетиш керак эди хаммаси жангариларни оилаларини .Уз хохши билан кетган.Сурияни топиб борибди .Келишни хам билибди.Адашмаган.Янги Узбекистонга факат жиноятяилар жангарилар керак экан.Вакт соат келиб бу Суриядан келганлар бир нимвларни бошлайди.
25.01.2021 13:55
Оз ихтиёри билан кетган ва кон корган,болалари учун сурия ватан агар киндик кон токилган жой ватан болса
25.01.2021 09:17
"Qur'oni Karim"ning birinchi surasida (Iqro) ilk aytilgan söz "o'qi" dir. Köpchiligimiz islomga e'tiqod qilamiz lekin öqimaymiz, bilim olmaymiz, "Qur'on"ni ham öqimaymiz va kimlardandir eshitib "muqaddas kitobimizda shunday deyilgan ekan"- deb har kimga ergashamiz. Islomga odamlardan eshitib emas, kitob öqib islom ilmini örganib, "Qur'on"ni öqib ergashishimiz kerak.