Қадим давлатчилигимиз тарихи ҳақида сўз юритилса, кўпчилик замондошларимиз тарихда ўзига хос из қолдирган шоҳ ва шоир Муҳаммад Шайбонийхон шахсияти ҳақида етарлича тасаввурга эга эмаслиги ойдинлашади. Гўёки Заҳириддин Муҳаммад Бобур бобомиз “бизники”-ю, Муҳаммад Шайбонийхон эса “бегона”. Кўп йиллик бу қарашларни ўзгартирадиган вақт келгандир балки?
Фанлар академияси Шарқшунослик институти илмий ходими Бахтиёр Алимжановнинг “Ишонч” газетасида “Муҳаммад Шайбонийхон даврни ўзгартирган сиёсий лидер эди(ми?) мақоласи эълон қилингач, бу ижтимоий тармоқларда анча шов-шувларга ҳам сабаб бўлди. Тарихни холис баҳолаш ва ёзиш, айниқса 21 асрда вояга етаётган фарзандларимиз маънавий баркамоллиги, ўтмишдаги боболари ҳақида тўғри тушунчага эга бўлишлари учун ҳам, давлатчилигимиз ва Марказий Осиё ҳудудида тараққиёт ва тинчлик ўрнатишга ҳисса қўшган сиймо, гўзал адабий асарлар муаллифи Муҳаммад Шайбонийхон шахсияти тўғрисида жамоатчиликнинг холис дунёқарашини шакллантириш учун ҳам, унинг шахсига ҳурмат ва эҳтиром кўрсатишимиз лозим.
Миллий тарихимиз ўта чапланган йилларда Шайбонийхон тўғрисидаги тортишувлар фақатгина тор доирада, матбуот саҳифаларисиз бўлган. Адабий жамоатчилик тарихнавис ёзувчи Пиримқул Қодировнинг Бобур Мирзо фаолиятини ўн йиллаб ўрганганлигини, кейин эса асарининг чоп этилишини яна бир неча йиллар кутгани, партиянинг йўриғидаги тарихий қарашларни асарига сингдиришга мажбур бўлганлигини ҳисобга олсак, бизга шундай асарлар мерос қолдирган заҳматкаш ёзувчини ҳам айблай олмаймиз. Шахсан мен ўша асарларни ўқиганимда Бобурга меҳрим товланиб, Шайбонийхонга ёвқараш қилиб қолганман. Аслида улар ўртасида ўта катта адовату, душманлик ҳам бўлмаган. Шу боис Бобур бобомиз Шайбонийхон ҳақида салбий фикрга бормаган. Буни унинг”Менинг ғанимим Шайбоқхон тажрибали, кўп иш кўрган ва улуғ ёшли киши эди”деган фикрларида кўринади.
Шайбонийхон тўғрисида форсий манбалардан Мулла Шодийнинг”Фатхномаи хоний”, Биноийнинг”Шайбонийнома” Рўзиббекхоннинг”Сафарномаи Бухоро” асарлари ёзилган. Аммо, яхлит асар эса Муҳаммад Солиҳнинг ”Шайбонийнома” асаридир. У ўтган асрда 1961, 1989 йилларида нашр этилган. 1961 йилдаги нашрига эса Насрулло Даврон, кейингисида Эргашали Шодиев сўзбоши ёзиб, асар моҳиятини шарҳлаган. Уларда ”Шайбонийнома”нинг 1510 йилда Қосим исмли котиб томонидан ёзилган эски нусхаси Вена кутубхонасида сақлангани, 1885 йилда Герман Вамбери томонидан немисчага таржима қилингани айтилган. 1908, баъзи манбаларда 1904 йилда рус шарқшуноси П.Мелиоранский томонидан нашрга тайёрланган ва чоп қилинган деб тилга олинади.
Ўтган даврда Шайбонийхон мавзусига деярли ҳеч ким мурожаат этмаган. Шайбонийхон шахсини улуғлаш, уни ўзбек халқига ижобий сиймо сифатида тарғиб қилиш ташаббуси Ўзбекистон жамоатчилиги, зиёли шоир ва адибларимиздан эмас, хориждаги ўзбеклар фаоли Темур Хўжадан чиққан. Бу ҳақда маънавият ва тарих заҳматкаши, шоир Мирзо Кенжабек 1992 йил 30 октябрда ”Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида эълон қилинган “Кўнгил ганжинаси “ мақоласида тўхталади ва Муҳаммад Шайбонийхоннинг бир қанча ғазалларини ўқувчилар эътиборига ҳавола қилади. Мирзо Кенжабекнинг айтишича, хорижга сафари чоғида Туркиядаги Ёзарлар бирлигининг ёрдами билан шоир девонининг лотин тилига кўчирилган нусхасини Кўнё шаҳридан, Яқуб Қорасуйдан топади. Шунингдек, Шайбонийхон ижодининг тарғиботчилари сифатида Мирзо Кенжабек, профессор Заки Валидий, венгер миллатига мансуб тадқиқотчи Ёнуш Экманни ҳам тилга олиб ўтади. Кўриниб турибдики, бизда эъзозланмаган сиймо ижоди хорижий, туркий мамлакатларда эъзозланиб, шу пайтга қадар етиб келган. Қадрланган эъзоз топган. Унинг шеърлари чиндан-да гўзал, инсонга эҳтиром ва самимият билан битилган. Уларда Самарқанд, Ҳирот ва яна кўплаб тарихий, кўҳна жой номлари тилга олинади. Газетанинг ўша сонида эълон қилинган Шайбонийхон ғазаллари шарқона, орифона туркий шеъриятнинг классик намуналаридир. Ҳатто бир ғазалида Шайбонийхон Навоий ҳазратлари билан баҳслашади. У Алишер Навоийнинг:
Ё қошингга қатл учун зийнат фаровон айладинг,
Ким ҳам этдинг ложуварди ҳам зарафшон айладинг”, ғазалига жавоб тариқасида:
Эй Шайбоний, ёр агар лутфлик қилса-қилмаса,
Бўлма навмид, ишқида шунчаки афғон айладинг”, дея фиғон чекади.
Шайбоний шахсиятига шу пайтгача пинҳона мурожаат этган адабиётшуносларимиз жиддийроқ изланишса, ҳали бизга номаълум бўлган Шайбонийхон асарлари ҳам топилиб қолиши ҳеч гап эмас.
Тарихчилар жим тураётган яна бир масала,16-аср бошида Евроосиёда геосиёсий вазиятни ўзгартирган, жангларда душманларини мағлуб этган, савдо-сотиқ, маданий алоқалар, адабиёт ва санъат ривожига ҳисса қўшган бу сиймога муносабат ҳали ҳам шунчаки кечмоқда.
Шайбонийхоннинг сиёсий қарашлари даври 400 йил атрофида давом этган бўлса, бу муддат тарқоқлик даври эмас, хонликлар, давлатчилик илдизлари мустаҳкамланиш даври бўлган-ку? Тарих саҳнасида унинг бунёдкорлик ишларини давом эттирган Абдуллахоннинг биргина сон-саноқсиз қурган сув тўғонлари-ю, шайбонийзодаларнинг тинчлик, фаровонлик, яратувчанлик ишларига ҳали ҳам ўгай кўз билан қарашимиз асло тўғри эмас.
Шайбонийхон шахсини ўта улуғламоқчи эмасмиз, аммо, кўплаб унвонли тарихчиларимиз, тарихий манбаларни ўрганган романнависларимиз, тарихга мурожаат қилган шоирларимизнинг Вамбери, рус олими П. Мелиоранский, турк зиёлиси Яқуб Қорасуйчалик маърифатпарварлиги йўқлигидан афсус туйдик. Бугун мамлакатда Шайбонийхон шахсини ўрганишга ҳеч ким қаршилик кўрсатаётгани йўқ. Фақатгина шижоат бўлса бас. Юқоридаги мақолада ўтган йили Шайбонийхон таваллудига 570 йил тўлиши тилга олинган. Зиёлиларимиз бир қарорга келиши,унинг шахсиятини оқлаши ва руҳини шод қилишда эзгу ишларга бош қўшиши лозим, назаримизда.
Кўпчилик зиёлилар Муҳаммад Шайбонийхон қабри Самарқанддаги Регистон майдони ёнида эканлигини тилга олишади. Агар шундай бўлса, қабрнинг худди йўқдек ёдга олинмаслиги жуда ачинарли ҳолат. Бор бўлса уни ободонлаштирайлик, ҳайкалини ўрнатайлик. Тарихда бошсиз кўмилган шоҳнинг жасади қандай олиб келинган, ҳақиқатан шундай бўлганми, унинг калла суягига ўзга шоҳнинг май ичгани тўғрисидаги инсон зотига ёқмайдиган бемаза фалсафани исботлаб жамоатчиликка билдиришимиз керак-ку ахир? Ёки у тўқилган уйдирма бўлса, улуғ сиймога туҳмат қилишни бас қилайлик.
Шайбонийхон баъзи жойларда, Шойбоқ, баъзида Шабоний, кўп манбаларда Шайбонийхон, Шайбонийлар сулоласи асосчиси дея талқин қилинади. Нима бўлганда ҳам, у бизнинг бобомиз, миллий давлатчилигимиз сиймоси. Шундай экан, янги тарих фани ўрганувчиларига, келгуси авлодларга унинг сиймосини холис ва ҳаққоний тарзда кўрсатиш адолатдан бўлади.
Мирзо Кенжабек сўзи билан айтганда, энди Муҳаммад Шайбонийхон асарлари нашр этилса, кўзимиз ўнгида яна бир маърифатпарвар зот, хушхон бир шоир пайдо бўлади ва қалбимизда шоҳга нисбатан теранроқ, тозароқ ва илиқроқ туйғулар уйғонади.
Қуйида унинг фақат саноқли ижодкорларгина биладиган, шоир Мирзо Кенжабек ўзга юртлардан топиб келиб, нашрга тайёрлаган азим Самарқанд ҳақидаги шеърини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Кетмади кўнгилдан ҳеч дийдори Самарқанднинг,
Кўзумдан учар ҳар дам дийдори Самарқанднинг.
Ҳар нечаки шаҳр ўлса дунёда латиф, аммо
Барчадин эрур яхши бемори Самарқанднинг.
Ҳақ ўз карами бирлан ул элни омон тутсун,Шайбонийхон бизга “бегона”ми?
Бўлсин бу жаҳондин йўқ, ағёри Самарқанднинг.
Кўпдир Ҳирида билгил, булбул билан тўти ҳам,
Андалибни уялтти, дилдори Самарқанднинг.
Бу шаҳри Ҳири ичра бир зарра сафо йўқтур,
Жаннат киби хушбўйдур бозори Самарқанднинг.
Қош ёси била хўблар ғамза ўқидин отса,
Жон жавшанидин ўтар ўқлари Самарқанднинг.
Шабоний тилар ҳар дам Бухору Самарқандни,
Тангриси мадад бўлсун, ул ёри Самарқанднинг.
Ўлжабой Қаршибой,
журналист