Халқ амалдорларини шундай сийлайди: Сенат буюртма қилган сомсанинг донаси 100 мингга чиқди

03.02.2023 12:05

Икки кунлик тадбирга 3 млрд 230 млн сўм сарфланган сенат яна ҳашамдор харажатлар қилишда давом этмоқда. Газ ва бензинга навбат кутаётган одамлар эса 5 минглик сомса еганига, уйига бир «буханка» нон олиб борганига хурсанд.

Олий Мажлис вакиллари ва  Вьетнам Социалистик Республикаси Вице Президенти Во Тхи Ан Суан бошчилигидаги делегация иштирокчилалри бўлган 25  кишилик тушлик солиқ тўловчиларга 60 миллион 375 мингга тушди.

Ҳукумат аъзолари энди қимматлик рекордини янгилаб, 100 минг сўмлик сомса ейишган

Олий Мажлис Сенатнинг навбатдаги тадбирида дабдабали дастурхонга донаси 100 минг сўмлик сомсалар қаторида, ҳар бир порцияси 360 минг сўмлик десерт, порцияси 335 минг сўмлик авакадо ва креветкали салат, донаси 160 минг сўмлик нон ва порцияси 260 минг сўм бўлган грек ёнғоғи ҳам тортилган.

Дабдабали дастурхон мезбони яна “Sky Events” МЧЖ.

Айнан ушбу корхона сенатнинг 2022 йилги сентябрда ўтказган тадбирининг ташкилий ишлари учун Конгресс марказининг ижараси ва кофе-брейк учун 957 млн сўмлик, Конгресс марказнинг заллари учун 1,2 млрд сўмлик ҳамда саммитга келган меҳмонларни овқатлантиришга 1 млрд 56 млн сўмлик шартномалар тузган эди.

 8-9 сентябрь кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилган Парламентлараро иттифоққа аъзо давлатлар аёл раҳбарларининг 14-саммитига келган меҳмонларни биргина кечки овқати учун ёзилган дастурхонидаги гўштли ассорти, дудланган лосось балиғи ва пишлоқ солиқ тўловчиларга салкам 90 млн сўмга тушган.

Ўша тадбирда ёзилган дабдабали дастурхондаги энг қиммат таом – ҳар бир порцияси 550 минг сўмдан тушган гўштли ассорти бўлган бўлса, бу сафар энг қиммат неъмат порцияси 690 минг сўмлик тозаланган хандон писталар бўлди.  

Нархлар кун сайин бўрттирилаётган бир вақтда эса ҳамон бу масалани жиддий ўрганишга киришилгани йўқ. Бундай тадбирлар харидлари тез-тез муҳокамалар марказига чиқаётган, очиқланган ҳужжатларда харидларни амалга оширишда манфаатлар тўқнашуви рўй бергани ҳам маълум бўлган бўлсада биронта тегишли масъул ташкилотлар на ахборот берди ва на муносабат билдирди.

Аввалроқ сайтимизда «16 минг сўм учун ИИБ камбағалнинг боласини ушлаганди — миллиардларни ўмараётганларга эса ҳеч ким эътибор бергани йўқ» номли мақола эълон қилинганди ва унда Бош прокуратурага қуйидаги саволлар берилган: 

Бир дона сомсани 85 минг сўм деб ҳисоблаб, аслида кимнинг пули ўмарилмоқда? Бу очиқча коррупция эмасми?

Бир бечора 15 ёшли камбағалнинг боласини 16 минг сўм ўғирлади деб қамаган эди. Хўш булар ўғирлик эмасми? Давлат ва халқ пулини ўмариш эмасми?

Агар назоратда ҳақиқат бўлса шу саволга ҳам жавоб берилиши керак эди. Аммо жамоатчиликнинг бу саволи ҳам унутилмоқда.

Бу вақтда ҳашамдор ўтиришлардаги сомсаларнинг нархи 85 мингдан 100 мингга кўтарилди, холос.
 


 

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
21
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар